2016 йил 23-24 июнь кунлари Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди. Мажлис Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтди.

ШҲТ саммити ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди.Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига учинчи маротаба раислик қилмоқда. Мамлакатимиз ШҲТга 2003-2004 ҳамда 2009-2010 йилларда раислик қилган.

Давлат раҳбарлари ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти асосий натижаларини кўриб чиқдилар. Ташкилот нуфузли ва аҳамиятли тузилма сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди.

Мажлисда халқаро терроризм, экстремизм ва унинг бошқа кўринишлари бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари учун бирдек хавф солаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу таҳдидларга фақат ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштириш орқали қарши курашиш мумкинлиги қайд этилди.

Ўзаро ҳамкорлик, давлат суверенитетини ҳурмат қилиш ва бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашмаслик принципларига асосланган ҳолда, хавфсиз, холис ва очиқ ахборот маконини яратишга доир саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Иқтисодиётнинг пасайишига қарши самарали курашиш борасида тажриба алмашиш, инновацион технологияларни жорий қилиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида узоқ муддатли ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва инфратузилмани ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф, саммит меҳмони – Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди. Шунингдек, мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев қатнашди.