Ўзбекистон | 15:42 / 27.06.2016
186552
2 дақиқада ўқилади

Chevrolet: бир соатга қолмай янги машинали бўлишингиз мумкин

Фото: fb.com/AO.Sergeliavtotexservis

Тошкентдаги автосалонлар Chevroletнинг кўплаб русумларини эркин савдода таклиф этмоқда. 

GM Uzbekistan компаниясининг дилерлик тармоғи Chevrolet савдо маркасининг айрим русумларини харид шартномасини имзолаб, пулини тўлагач, шу заҳоти ёки саноқли кунларда олиб чиқиб кетиш имкониятини тақдим этмоқда, деб хабар қилмоқда Gаzеtа.uz сайти. 

Унга кўра, Ўзбекистондаги жами 74та автомобиль дўконида Cobalt, Matiz ва Lacetti каби машиналарнинг бир неча тўпламидан хоҳлаганингизни сотиб олишингиз мумкин. Транспорт воситаларини, нақд ва пул ўтказиш йўли билан, халқаро пластик карта (МПК) ёрдамида Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича долларда тўлаб, олиб чиқишингиз мумкин бўлади. 

Фото: fb.com/AO.Sergeliavtotexservis

Хусусан, "Ўзавтотеххизмат"га қарашли "Роҳат" автосалони менежери Муроджон Усмоновга кўра, Matiz ёки Lacetti машиналарини пулини тўлаган кунидаёқ олиб чиқиш имконияти мавжуд. Машинани рўйхатдан ўтказиш ва янги эгаси номига расмийлаштириш 45 дақиқани олади. 

Тошкентнинг Сирғали тумани 4 мавзесидаги автосалонда ҳам бир нечта моделлар харидорларини кутмоқда. 

"Савдо майдонимизга қўйилган машиналарни тўловни амалга оширган куни олиб кетиш мумкин", — деган Sergeli-Avtotexservis салони менежери Иззатулла Муратов. Бундан ташқари, Sergeli-Avtotexservis мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида Facebook ижтимоий тармоғида ўз саҳифаси фаолиятини ҳам йўлга қўйган.

Мавзуга оид