Ўзбекистон ОТМларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 663 мингдан ошиб, рекорд натижа қайд этилди
20 июль куни Ўзбекистонда янги ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш якунланди.
Ўзбекистон олий таълим муассасаларига 2016 йилда 663 298 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 21 июль кунги маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2015 йилги кўрсаткичдан салкам 57,5 мингтага кўпроқ ҳисобланади. Бу орқали Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён энг юқори натижа қайд этилди. 1 август кунги имтиҳонлар вақтида 1 мандат учун ўртача 11,51талик рақобат кузатилади.
Термиз давлат университети энг кўп — 37 676 нафар абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилган (1 мандат учун 20,45талик рақобат).
Кейинги ўринларни Қарши давлат университети (26 332 нафар абитуриент, рақобат - 1 мандат учун 18,88) ва Андижон давлат университети (25 991 нафар абитуриент, рақобат - 1 мандат учун 18,28) эгаллаган.
UZ24 сайти маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари орасида эса Тошкент давлат педагогика университети энг кўп ариза қабул қилган — 14 636 нафар абитуриент айнан шу олий таълим муассасига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган.
Янги ташкил этилган Ўзбек тили ва адабиёти университетига 5 031 абитуриент ҳужжат топширган — университет ўзининг биринчи ўқув йилига 300 талабани қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан тасдиқланган умумий қабул квотасига асосан Ўзбекистон ОТМлари 2016/2017-ўқув йилида бакалавриат учун 57 907 нафар талабани ўқишга қабул қилади.
Маълумот учун, 2015 йили Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун 605 836 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди.