Газлашмаган ҳудудларда иситиш мавсумида электрнинг базавий лимити оширилади. Тошкент давлат техника университетининг юзлаб талабалари кечаси кўчага ҳайдалди. Centrum Air авиакомпанияси стюардессадан ўзбек тилида гапиришни сўраган йўловчини самолётдан тушириб юборди. Ўзбекистонда ўлат билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлиги айтилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Газлашмаган ҳудудларда иситиш мавсумида электрнинг базавий лимити оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёрни 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга ошириш таклифи маъқулланди.
Декабр ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш, ижтимоий реестрга кирмаган эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда оиланинг ҳар бир аъзосига қўлланадиган даромад мезонини 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Тошкент давлат техника университетининг юзлаб талабалари кечаси кўчага ҳайдалди
Тошкент давлат техника университети талабалари Kun.uz'га мурожаат этиб, 6 октябр кечки пайт ётоқхонадан чиқариб юборилгани бўйича шикоят қилишди. Маълум бўлишича, улар университет ҳузурида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган янги ётоқхонада тўловни амалга оширган ҳолда яшаган. Аммо университет проректори, прокуратура ходими ва участка инспектори ётоқхонани бўшатиш кераклигини айтган.
Таълим ва илм-фан вазирлиги берган изоҳга кўра, ушбу ётоқхона ҳозирча расман фойдаланишга топширилмаган, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳамда ундан фойдаланиш учун рухсат олинмаган. Шу сабабли объектга талабаларни расмий тартибда жойлаштириш имкони мавжуд эмас. Қайд қилинишича, талабалар мазкур ётоқхонага белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда тадбиркор томонидан жойлаштирилган. Бу ҳақда университет ҳам, вазирлик ҳам олдиндан хабардор бўлмагани айтилмоқда. Ҳолат аниқланганидан сўнг талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилган. Таъкидланишича, мазкур бинога жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан тўлиқ қайтариб берилган.
Centrum Air авиакомпанияси стюардессадан ўзбек тилида гапиришни сўраган йўловчини самолётдан тушириб юборди
Centrum Air авиакомпаниясининг 5 октябр куни Самарадан (Россия) Тошкентга учадиган рейсида стюардесса ва йўловчи ўртасида келишмовчилик юз берди. Ўзига ўзбек тилида мурожаат қилишни сўраган йўловчи самолётдан тушириб юборилди.
Комил исмли фуқаро Самарадан Тошкентга учадиган рейсга чиқарилмагани юзасидан ижтимоий тармоқда видео жойлаштирди. Унинг айтишича, стюардессадан ўзбекча гапиришни сўраганидан кейин, у ҳаво кемаси командири билан гаплашган ва йўловчини рейсдан тушириб юборган. Оқибатда у бошқа рейс билан Ўзбекистонга қайтган.
Centrum Air авиакомпанияси берган изоҳга кўра, барча борт кузатувчилар ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади ҳамда йўловчилар билан қулай тилда мулоқот қилади. Таъкидланишича, Самара—Тошкент рейси йўловчиси борт кузатувчисига нисбатан тажовузкор муносабатда бўлган, ишга халақит берган, шу сабабли ҳаво кемаси командири йўловчини парвозга қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилган. Компания ушбу қарорни тўлиқ асосли деб ҳисобламоқда.
Ҳодиса ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлгач, Centrum Air бош директорининг биринчи ўринбосари Маъмуржон Мадалиев ҳолатга изоҳ берди. У борт кузатувчи ноҳақ экани, йўловчининг барча трансфер харажатлари авиакомпания томонидан тўлиқ қоплаб берилишини маълум қилди.
Ўзбекистонда ўлат билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлиги айтилди
Россиянинг Иркутск шаҳрида ўлат касаллигига гумон ҳолати қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, Санэпидқўм вакили Ўзбекистонга шу каби хавфли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш борасида қандай профилактик чоралар кўрилганини маълум қилди.
«Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ», деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда шу ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирлар тизими яратилган. Хусусан, айни пайтда давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида (халқаро аэропортлар, темирйўл станциялари, автомобил йўлларида) 53 та санитария назорат пункти фаолият юритмоқда. Улар орқали хориждан кириб келаётган шахслар доимий тиббий кузатувдан ўтказилади.














