Марафончи Гуор Мариал урушда 28 нафар қариндошини йўқотган, ўзининг ҳалок бўлишига ҳам бир баҳя қолган, лекин шундай бўлса-да, у барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, Олимпия ўйинларидаги биринчи жанубий суданлик спортчи бўлди.
XX аср ўрталарида Суданда фуқаролик уруши давом этарди. У расман 2005 йилда тугаган, 2011 йилда эса давлат ҳаттоки иккига ажралиб кетди, аммо ҳарбий тўқнашувлар хали-ҳануз давом этмоқда. Қонли тўқнашувларда 2 миллион киши ҳалок бўлди, яна 4 миллион киши эса – қочқин мақомини олди. Уруш деярли ҳар бир оилага кириб борди, бироқ Гуора Мариаланинг ҳикояси ҳар қандай инсоннинг қалбини ларзага келтиради. Тўқнашувлар унинг 28 нафар қариндошини ҳаётдан олиб кетди, 8 нафар туғишган ака-опалари шулар жумласидандир. Кимдир очлик ва касалликлардан, яна кимларнидир шимол араблари аёвсиз отиб ташлашган.
Кенжа Гуорани ҳам шунга ўхшаш тақдир кутиб турарди: “Биз оч-наҳор ва уйқусиз тунларни бошдан ўтказардик, отишмалар туфайли жунглига қочишга тўғри келарди. Бизда ҳатто устимизни ёпиш учун бирор бир нарса йўқ эди, ўрмон эса қонхўр сариқ чивинлар ҳамда қора-жигарранг капалакларга тўла эди”.

Гуоранинг ота-онаси ўйлай-ўйлай ўғлини пойтахт Хартумга жўнатишга қарор қилишди, чунки у ер хавфсизроқ эди. Автобусда пойтахтгача етиб олиш учун оиланинг пули йўқ эди, шу боис у амакиси билан бирга 600 километрли йўлни пиёда босиб ўтишга мажбур бўлди. Улар билан бирга Бентиудан бир гуруҳ қочқинлар ҳам йўлга чиқди. Улар оч бўлишса-да, йўлда учраган ишни бажаришди, 8 ёшли Гуор ҳам бундан истисно эмас.

Бир куни у катталардан ажралиб, гуруҳдаги болакайлар билан бирга ёнғоқ ва манго тергани кетди. Улар кичик меҳнат эвазига егулик ваъда қилган кўчманчиларга йўлиқишди. Болаларнинг розилиги уларни қулга айлантирди. Араблар улардан подачи сифатида фойдаланишди. Бир ҳафтадан сўнг Мариал ғорга яшириниб, қочиб кетди. У ўша пайтда нималарни ҳис қилганлигини халигача эслайди: “Жуда ҳам қўрққанман. Ғорда шуни англаб етдимки, мендан қул сифатида фойдаланган жойга қайтгандан кўра, қандайдир йиртқич еб қўйгани ёки биров отиб ташлагани яхшироқ эди”.
Асирликдан сўнг амакиси ва гуруҳни излаш бефойда эканлигини тушуниб етди. Шу боис орқага ота-онасининг олдига қараб йўл олди, бироқ йўлда бир аскарга дуч келди. Аскар хўжаликдаги ишларни бажаришни таклиф қилди – дўконга бориш, таом тайёрлаш, пойафзал тозалаш, чўмилиш учун сув ташиш ва ҳ.к. Мариал бундай таклифдан қувониб кетди, аммо маошини сўраганида, ҳарбий уни уйга қулфлаб қўйиб, кўчага чиқармай қўйди.

















