Президентнинг “Нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида нодавлат таълим хизматлари кўрсатишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • аҳолининг кенг қатлами, ёшлар, шу жумладан хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш мақсадида улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш;
  • спорт турлари бўйича жамоаларни ташкил этиш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш орқали истеъдодли ёш спортчиларни саралаш (селекция);
  • жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари жараёнига малакали тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, тизимли равишда илғор тажрибани жорий қилиш;
  • зарур замонавий моддий-техника базасини яратиш, спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий ва захира таркибига юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;
  • спорт тайёргарлиги босқичларида барча ёш гуруҳлари бўйича спортчиларни ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий машғулотларни ташкил этиш билан бир қаторда сифатли ва оммабоп машғулотлар ўтказишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пулли хизматлар кўрсатиш;
  • тажриба алмашиш масалалари бўйича спорт ташкилотлари ва федерациялар (ассоциациялар) билан ҳамкорликни ривожлантириш, спортчиларнинг спорт маҳоратини, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш;
  • илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида спорт соҳасидаги самарадорлик ва натижани ошириш.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатадиган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:

а) 2012 йилдан бошлаб Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт муассасаси фаолиятини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларнинг ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) уларга тақдим этиш;

б) моддий-техник базасини мустаҳкамлаш (автотранспорт воситаларини сотиб олишдан ташқари) ва таъмирлаш-тиклаш ишлари, нодавлат спорт муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун тижорат банклари кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва шартларда кафилликлар ҳамда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тақдим қилиш;