Жамият | 12:27 / 04.08.2016
12868
2 дақиқада ўқилади

Медведев ўқитувчиларга: «Маошингиз етмаяптими? Унда бизнес қилинг»

Россия бош вазири Дмитрий Медведев фуқаролар билан ўтказилган учрашувда яна бир бор барчанинг эътиборини ўзига қаратди.

Ўзига хос форум давомида доғистонлик университет ўқитувчиси Медведевга шундай савол билан мурожаат қилди: «Дмитрий Анатольевич, мен Доғистон давлат университетида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Маошим 15 минг рубль. Милиция ходимлари эса 50-60 минг олишади. Улар одамлар қилган жиноятларни бартафар этишади. Бизнинг иш ундан ҳам муҳим деб ўйлайман. Ўқитувчи ўша жиноятларнинг умуман бўлмаслигини таъминлай олади. Шу сабаб ўқитувчиларнинг маошлари кам эмасми?».

Бу савол Медведевга унчалик ҳам хуш ёқмади ва Доғистонга салом йўллаган кўйи саволга жавоб берди: «Биринчидан, милициянинг иши масъулиятли ва хавфли. Ҳар ким бу ишни эплай олмайди. Шу сабаб уларнинг маошларига тегмайлик. Ўқитувчилик ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ўқишни энди битирган вақтим ўқитувчилик ҳам қилганман. Ўшанда 90 рубль олардим. Ички ишлар ходимлари эса 250 олишарди.

Менимча, куч-қувватга тўла ўқитувчи учун пул муҳим бўлса, у қўшимча даромад олишга ҳаракат қилса бўлади. Мен пул топиш мумкин бўлган кўп жойларни биламан. Масалан, бизнес. Сиз ҳали бизнесда ўз омадингизни синаб кўрмагансиз чоғи?..».