ИШИД сафига жангариларни етказиб беришда айбланган 70 ёшли россиялик нафақахўр 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди
27 июль куни Нижний Новгород суди 70 ёшли нафақахўрга 5,5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. У ўз уйида ижарага турувчиларни ИШИД сафига жўнатганликда айбланди. «Медиазона» нашри мазкур иш юзасидан батафсил маълумотларни тақдим этди.
Нимада айблашди
2016 йилнинг 11 мартида Нижний Новгородда истиқомат қилувчи 70 ёшли Тагир Хасановнинг хонадонига ФҚБ ходимлари келишган. Нафақахўрнинг бошига халта кийдириб, унинг уйини тинтишган.
Хавфсизлик ходимлари Хасановнинг олдига келишига 2014 йилда Сурияга кетиб, ИШИД сафига қўшилган ингушетиялик Богдан Умаровга алоқадорлиги сабаб бўлган. ФҚБнинг маълум қилишича, Умаров Сурияга 70 ёшли Хасановнинг босими остида йўл олган, зеро у қачонлардир отахоннинг уйида ижарага турган.
Умаровга нисбатан федерал қидирув эълон қилинган, собиқ ижрачисининг уйида эса қидирув чоғида диний адабиёт ва 5та қонга бўялган 7,62 миллиметрли калибр патронлари топилган. Хасановни ўша куннинг ўзидаёқ қўлга олишган, 12 мартда эса икки ойга озодликдан маҳрум этилган. У терговнинг тугашини маҳаллий қамоқхонада кутди.
Тергов маълумотларига кўра, Хасанов 2013 йилдан бери жангариларни жўнатиш билан шуғулланган. У уйида ижарага турган беш йигит билан яхшилаб "ишлаган", улар билан дин ҳақида суҳбатлар олиб борган, шунингдек бутун дунё мусулмонлари бирлашиб, Умумжаҳон Халифалик тузишлари кераклигини айтган. Шу билан бирга ижарачиларга Сурияда бўлаётган воқеалар туширилган видеолавҳаларни кўрсатган ва уларни "биродарлар" томонида жанг олиб боришга даъват қилган. Бунинг натижасида ижарачилардан бири Богдан Умаров ҳақиқатдан ҳам ИШИД сафида жанг қилиш учун йўл олган.
Янги жангчини жўнатган Хасанов тахминан яна ярим йил у билан қўнғироқлашиб, унинг қарорини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган.
Терговчиларнинг маълум қилишича, Хасанов унинг уйида яшовчи ўзбекистонлик Турсунбоев, Деҳқонов, Рўзиев ва Жуманиёзовни ҳам Сурияга жўнатишга уринган, уларга ингушетиялик Умаровни ибрат қилиб кўрсатган.
Гувоҳлар нима дейди
Сурияга кетган Умаровнинг собиқ маъшуқаси нафақахўрга қарши кўрсатма берган. У ўзи билан бирга яшаган Умаровнинг 2013 йилда нафақахўр билан танишганидан сўнг камгап, диндор бўлиб қолганини ҳамда ўзини Абдуллоҳ деб аташни бошлаганини сўзлаб берган. 2014 йилнинг 14 ноябрида у Москва аэропортидан қўнғироқ қилган ва Нижний Новгородга бошқа қайтмаслигини айтган.
Тергов пайтида аёл севгилисини излаб, Хасанов билан учрашгани, у эса аёлдан қидирувни тўхтатишни талаб қилиб, Умаров унинг маслаҳати билан шаҳид бўлганини сўзлаб берди.
Бироқ судда жангарининг собиқ маъшуқаси кўрсатмаларини ўзгартирди ва нафақахўр билан ҳақиқатда учрашгани, аммо у Умаровнинг "ҳар балони ўқиб", Сурияга кетиб қолганини маълум қилганини айтади.
Умаров кейинчалик собиқ севгилиси билан алоқага чиққан, у жангарилар томонида кураш олиб бораётганини айтган, лекин отахоннинг босими остида кетганлигига доир ҳеч нарса демаган.
Нафақахўрнинг бошқа бир ижарачиси - Жуманиёзов терговчиларга Хасанов уни ҳам ИШИД сафига қўшилишга чорлаганини айтган. Бироқ Хасановнинг ҳуқуқ ҳимоячиси айтишича, хавфсизлик ходимлари гувоҳнинг кўрсатмасини ўзгартириб кўрсатишган.
Хасанов йигитларни жангариларга қўшмоқчи бўлгани тўғрисида яна бир ижарачи - Турсунбоев кўрсатма берган. Судда у таржимон орқали кўрсатма берган, судланувчининг адвокати эса Турсунбоевнинг рус тилини билмаслигини, шу сабабли ҳам татар миллатига мансуб Хасанов уни жангарилар сафига даъват қила олмаслигини айтган, чунки у ҳам ўзбекчани билмасди, ахир.
Яна икки ижарачи ҳам тергов жараёнида Хасановга қарши кўрсатма беришган, аммо миграция қонунчилигини бузишгани боис депортация қилиниб, судда иштирок эта олишмаган.
Хасановнинг адвокати гувоҳлар ҳақиқатда нафақахўрнинг уйида ижарада турганини тасдиқлади, бироқ у йигитлар билан деярли мулоқот қилмагани, чунки ижарачилар доим ишда бўлишгани, шу боис жангарилар сафига чорлаш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмаслигини айтган.
Қўшнилар ва қариндошлар нима дейди
Нафақахўрнинг қариндошлари ва қўшнилари унинг айбдорлигига ишонишмайди. Қўшнилардан бири нафақахўр Александр Балакин Хасановни руҳан қўллаб-қувватлаш учун суд мажлисларига мунтазам қатнаган. У судга терговчилар устидан арз қилиб, уларнинг нафақахўрга босим ўтказиш ва таҳдид қилишга уринишганини, шунингдек Хасановнинг тилга олмаган сўзларини баёнотга қўшишганини айтди.
Хасановнинг бошқа қўшнилари ҳам унга ижобий тавсиф беришган ҳамда унинг ҳеч қачон диний мавзуда гап очмаганини, бутун маҳалла унинг тақдиридан хавотирда эканлигини маълум қилишган.
Терговчилар Сурияга кетган Умаровнинг қариндошларини ҳам сўроқ қилишган. Уларнинг сўзларига кўра, Богдан сўнгги 5 йил давомида жангариларга қўшилишга доир суҳбатлар қурган. Хасановнинг адвокати айтишича, нафақахўр эмас, айнан Умаровнинг ўзи қўшниларни ИШИД сафига чорлаш билан шуғулланган.
Суд қандай қарорга келди
Манбага кўра, суд нафақахўр патронларни кимдан сотиб олгани ва нима учун улар қонга беланган бўлганлигига ҳеч қандай изоҳ топа олмади. Бироқ гувоҳларнинг нафақахўрга туҳмат қилишдан ҳеч қандай наф кўрмаслигини яхши билган.
Хасанов йигитларни жангарилар сафига жўнатишга доир айбловларни инкор қилиб, патронларни қидирув пайтида терговчиларнинг ўзи ташлаб қўйганлигини тахмин қилди. Шунга қарамай, суд Хасановни айбдор деб топиб, уни 5,5 йилга умумий тартибли қамоқхона жазосини ўташга ҳукм қилди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, у ҳукм устидан шикоят қилиб, Хасановга энг кам муддат белгиланишини талаб қилмоқчи. Ҳимоячи нафақахўрни тўлиқ айбсиз деб топишларинии исташини билдирган.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024