Рио-де-Жанейро шаҳрида 5 август куни бошланган 31-Ёзги Олимпиада ўйинлари маҳаллий вақт билан 21 август оқшомида (Тошкент вақти билан 22 август куни эрта тонгда) якунланди. Тадбир Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида бўлиб ўтди. Мусобақаларда 11 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди. Олимпиадада спортнинг 28та тури бўйича 306та совринлар мажмуаси қўлга киритилди. Бу гал 27та жаҳон ва 91 та олимпиада рекорди ўрнатилди. 2016 йилги Олимпиада ўйинларини ўтказиш учун 39,1 миллиард реал, яъни 9,75 миллиард доллар сарфланди. Олимпиада ўйинлари 32 спорт иншоотида ўтказилди. Бу иншоотларнинг катта қисми Олимпиада учун махсус қурилган бўлса, кичик қисми таъмирдан чиқарилди.
Шуни таъкидлаш керак-ки, Бразилия президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Мишел Темер бундан аввал, иш вақти тиғизлигини баҳона қилиб, Олипиаданинг ёпилиш тадбирларида иштирок этмаслигини маълум қилган эди. Бироқ маҳаллий матбуотда Олимпиада очилиш маросимида у нутқ сўзлаётган вақтда томошабинлар ҳуштак чалиб, халақит бергани унга ёқмагани айтилмоқда.
Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бах 31-Олимпиада ўйинлари якунланганини эълон қилди. У 2016 йилги Ўйинлар ташкилотчиларига миннадорлик билдирди. “Анаънага биноан Ўйинлар якунланганини эълон қиламан”, деди Томас Бах. У бразилияликарга мурожаат қилар экан, меҳмондўстликлари учун ўз ташаккурини билдирди. “Бразилияликлар сизга раҳмат. Мураккаб вазиятларга қарамай Сиз, фахрланишга арзигўлик қадриятларингизни намоён этдингиз. Олимпиада ўйинлари бирдамлик рамзига айланди. Биз Бразилияга меҳмон бўлиб келдик, аммо дўст бўлиб уйга қайтаяпмиз. Сиз ҳамиша юрагимизда қоласиз”, деди Халқаро Олимпиада қўмитаси президенти.
Рио-2016 Олимпиада ўйинлари ташкилий қўмита раиси Артур Нузман Олимпиада ҳамиша Бразилия халқининг, эркагу аёлининг, ёшу қарисининг юрагида қолажагини таъкидлади ва «ҳамма бразилияликлар – Олимпиада қаҳрамонларидир», деди.
Олимпиада маъшалиси Бразилиялик хонанда ижросидаги қўшиқ жараёнида сўндирилди. Айни шу дақиқаларгина бироз қайғули бўлди. Шундан кейин бразилияликлар ғамгинликка йўл қўйишмади. Олимпиада очилиш маросимида бўлгани каби ёпилиши ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди. Тадбир оммавий ижро этилган самба рақси билан якунланди. “Маракана” стадиони маълум вақт улкан рақс майдончасига айланди. Рақс роппа-роса 20 дақиқа давом этди.
Рио-де-Жанейро мэри Эдуардо Паэс Олимпиада байроғини 2020 йилги Олипиада ўйинларига мезбонлик қиладиган Токио губернатори Юрико Коикега топширди. Шундан сўнг Юрико Коике Токио тақдимотини ўтказди. Япония делегацияси тўрт йилдан кейин нималар бўлиши юзасидан намойиш қилган тақдимот томошабинларда катта таассурот қолдирди. Япония бош вазири Синдзо Абе 2020 йилда Токиода бўлиб ўтиши кутилаётган 32-Ёзги Олимпиада ўйинлари аъло даражада бўлиши учун ҳукумат қўлдан келган ҳамма ишларни қилиши борасида ваъда берди. У Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олипиада ўйинларида иштирок этган япониялик спортчилар билан учрашар экан, “Токиодаги ўйинлар жаҳондаги инсонларнинг юрагидан ўрин олишига ишониши”ни билдирди. Абэ олимпида ўйинларида иштирок этган япон спортчиларига ўзининг миннадорчилигини изҳор қилди. Рио-де-Жанейрода Япония бош вазири Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан ҳам учрашди. Улар яна тўрт йилдан кейин Япония пойтахтида бўлиб ўтадиган Олимпиадани ташкиллаштириш ва допингга қарши кураш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди.














