Ўзбекистон | 14:14 / 25.08.2016
23661
4 дақиқада ўқилади

Тошкент-Бухоро йўналишида илк тезюрар поезд қатнови амалга оширилди

Бугун Тошкент-Бухоро йўналишида "Афросиёб" юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизмати маълум қилган.

Эндиликда Ўзбекистон пойтахтидан Бухоро шаҳригача бўлган 600 километрлик масофа аввалги 7-8 соат ўрнига 3 соату 20 дақиқада амалга оширилади.

Ўтган йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида "Самарқанд-Бухоро" йўналишидаги мавжуд линия йўлларини реконструкция қилиш, янги пўлат изларни ётқизиш ҳамда электрлаштириш ишлари жадал суръатларда бошлаб юборилган эди. 25 август куни ушбу лойиҳа тўлиқ ниҳоясига етказилиб фойдаланишга топширилди ҳамда "Тошкент-Бухоро" йўналишида "Афросиёб" юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездининг илк қатнови амалга оширилди.

Самарқанд-Бухоро йўналишидаги темир йўлнинг узунлиги 259 километрдан иборат. Умумий қиймати қарийб 400 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 16 ой вақт сарфланди. Лойиҳа доирасида 16,2 миллион кубметр тупроқ ишлари, шунингдек, 146 километрлик "Мароқанд-Навоий" участкасида ер кўтарма ишлари бажарилиб, янги темир йўл тўлиқ ётқизилган.

Навоийдан-Бухорогача бўлган масофада эса мавжуд пўлат излар тўлиқ реконструкция қилинди. Бундан ташқари, ушбу йўналишда жами 222та сунъий иншоот, шу жумладан, 1та пиёдалар ўтиш йўлаги, 4та йўл ўтказгич ва 4та кўприк қуриб битказилди. Шунингдек, ушбу ҳудудда поездларни бир маромда электр қуввати билан таъминлаб берувчи 4та электр тортиш станциялари бинолари ҳам тикланди ва улар энг замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Бу жараёнда 1000дан ортиқ ишчилар, темир йўлчилар ва мутахассислар меҳнат қилишди.

Магистралнинг икки томонида деярли 500 километрдан зиёд масофага металл тўсиқлар ўрнатилди. Мазкур қурилишга 220га яқин замонавий техника жалб этилди.

Каттақўрғон шаҳрида бир йўла 100 нафар йўловчига бугунги кун талаблари даражасида хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган янги, замонавий вокзал биноси қад ростлади. Лойиҳа доирасида Бухоро вокзали тубдан реконструкция қилинди. Эски, кўримсиз вокзал ўрнида бугун замонавий, халқаро стандартларга мос, бир вақтнинг ўзида 300 нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган муҳташам вокзал биноси қадим ва кўҳна шаҳарга янада кўрк бағишламоқда. Кенг ва ёруғ кутиш зали, чиптахоналар, она-бола ва тиббиёт хонаси, шунингдек, хорижлик сайёҳларни кутиб олиш, кузатишни ташкил этишга хизмат килувчи барча шарт-шароитларга эга кўркам маскан барпо этилди. 

Мутахассисларнинг изоҳлашича, мазкур лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши натижасида темир йўл участкасининг ўтказиш имконияти 36 фоизга ошади, эксплуатация харажатлари эса 36 фоизга камаяди. 

Ушбу йўналишда яна 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Эндиликда ушбу ҳудудда юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилганидан сўнг, Ўзбекистонда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ортди.

Мавзуга оид