Ҳозирги пайтда жаҳонда кечаётган глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари оқибатида мустақиллик йўлига ўтган ёш мамлакатларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги катта хатар остида қоляпти. Айниқса, халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишга урғу берилаётгани бу хатарни янада кучайтирмоқда. Мухолифларимизнинг диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш, ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари тобора авж оляпти. Ғарб давлатларининг ахборот машиналари тинимсиз равишда афкори оммага Ислом динини бузғунчилик, қотиллик, ваҳшийлик, террор дини дея кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Шу жиҳатдан ҳам жамият олдида одамларнинг «диннинг маънавий қадриятлари билан, шиорлардан, хусусан Исломни қайта тиклаш шиоридан фойдаланаётган муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш» зарурати туғилди.

Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йўқ. Кейинги пайтларда Марказий Осиё ҳудудида ҳам айрим диний-сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йўл билан одамлар, хусусан ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилишмоқда. “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда” китобида айтиб ўтилганидай, «бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса Исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда». Бундай қабиҳ хатти-ҳаракатларнинг мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигига рахна солиши, милатлараро ва динлараро бирдамликка путур етказиши, одамларни бир-бирига қарши бўлган турли гуруҳларга бўлиб ташлаши, улар орасида фитна ва бузғунчилик ғояларини ёйиши бугун кундай равшан бўлиб турибди.

Бундай кенг миқёсли ва пухта ўйланган хуружларга нисбатан қандай омилларни қарши қўйиш мумкин? Бунинг учун, энг аввало, одамларимизга соф диний манбалар асосида ташқи кучларнинг дин омилидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун олиб бораётган ҳаракатлари моҳиятини очиб бериш керак. Ислом дини зўравонлик, қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, кенгбағирлик, эзгулик дини эканини кенг тушунтириш лозим бўлади. Аслида бу дин ҳар қандай зулм, қотиллик, бировга озор етказишдан бутунлай холи, энг гўзал ва эзгу амалларни бажаришга чақирувчи соф эътиқоддир.

Мана шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, имон ва куфр масаласи ҳам Исломдаги энг нозик, аҳамиятли масалалардандир. Бир инсоннинг мусулмонлик даъвосида қанчалик ростгўй экани ёлғиз Парвардигоргагина аён. Шунинг учун ҳам, ўтмишдаги кўплаб буюк алломаларимиз, мутафаккирларимиз ўзларича фараз қилишдан сақланишган, муайян бир шахсни кофирга ҳукм қилиш борасида жуда эҳтиёткор бўлишган. 

Аммо бугунга келиб буюк аждодларимиз анъаналари унутилди, бир-икки китобни ўқиб олиб ўзини мужтаҳид санайдиган, кишиларни бўлар-бўлмасга кофирга чиқарадиган оқим ва фирқаларнинг вакиллари пайдо бўлди. Бундай оқим ва фирқалар (масалан, “Ал-ҳижра ват-такфир”, “Ихванул-муслимин” каби) имон ва куфр масалаларида ўта журъатли бўлиб кетишган. Исломни ҳали чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр-кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йўлига кириб кетишмоқда. Шу ўринда «Нега шундай бўляпти», «Уларнинг хатоси нимада», «Муаммонинг ечими борми» деган саволлар туғилиши табиий. Ушбу мақоламизда ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.