Абу-Дабидаги «Қаср Ал-Ватан» расмий қароргоҳида янги тайинланган хорижий давлатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев ҳам БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маросим доирасидаги суҳбат чоғида БАА президенти Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади.

Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ўзбекистон элчисига икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган дипломатик фаолиятида муваффақият тилади.

Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилди.

БАА раҳбарияти Ўзбекистон элчисининг дипломатик миссиясини самарали амалга ошириши учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканини билдирди.

Ўз навбатида, Умид Шодиев БАА президентига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эҳтиромини етказди.

Элчи икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги олий даражадаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Шунингдек, дипломат Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш учун барча саъй-ҳаракатларини сафарбар қилишини билдирди.

Умид Шодиев Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси лавозимида Абдулазиз Оққулов ўрнини эгаллаган. Оққулов 2022–2025 йилларда Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонасига раҳбарлик қилган ва 2025 йил декабрида Туризм қўмитаси раиси этиб тайинланган.