Жаҳон | 10:00 / 28.08.2016
22090
2 дақиқада ўқилади

Туркия Германияга ультиматум қўйди

Туркия Германия ҳукуматига немис депутатлари «Инжирлик» ҳарбий базасига ташриф буюришни режалаштиргани муносабати билан ультиматум қўйди.

Расмий Анқара Германия парламенти делегациясига ушбу базага ташрифини тақиқлаган эди.

Суриядаги ИШИДга қарши курашаётган немис ҳарбийлари мазкур базадан фойдаланади.

Германиядаги Der Spiegel нашри маълумотига кўра, турклар томони, агар Германия ҳукумати бундестагнинг Усмонийлар империяси даврида арманилар геноцид қилингани тан олингани тўғрисидаги резолюцияни бекор қилса, немис депутатларига рухсат беришга тайёр.

Нашр хабарида Германия ТИВ вазиятни ҳал этишнинг бошқа йўлини қидириши айтилган.

2 июнь куни Бундестаг депутатлари 1915 йилда Усмонли салтанатида арманиларнинг депортация қилинишини геноцид деб тан олиш юзасидан резолюция қабул қилди.

Туркия бу борадаги айбловларни доимий равишда инкор этиб келади. 
Арман геноциди фактини кўплаб нуфузли мамлакатлар, Россия, Польша, Франция, Европарламент ва Бутун дунё черковлар кенгаши ҳам тан олган.

Маълумот учун, 1915 йилда Усмонли салтанатида, турли баҳоларга кўра, 600 мингдан 1,5 миллионгача армани ҳалок бўлган. Туркия юз минглаб инсонлар ҳалок бўлганини тан олади, аммо бунинг «геноцид» атамаси билан таърифланишига қарши чиқади. Ўз навбатида, турк тарихчилари арманиларнинг қуролли гуруҳлари ўн минглаб мусулмонларни қирғин қилганини таъкидлаб келади.

Мавзуга оид