Ўзбекистон | 16:25 / 08.09.2016
139059
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланди

2016 йил 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий 
ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.

Мажлис якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига «Ўзбекистон Республикаси  Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди.

2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 78 ёшида инсульт туфайли вафот этди. Марҳум 3 сентябрь куни Самарқандда дафн этилди. Дафн маросимини ташкил этиш комиссиясига Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилди.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 1957 йилда туғилган, 1981 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. 

1992-1996 йилларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида ҳоким лавозимида ишлаган.

1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. 

2003 йилнинг 11 декабридан республика бош вазири. 2005 йилнинг 28 январида янги чақирилган Олий Мажлисда лавозимига қайта тайинланган. 2015 йилнинг январидаги парламент сайловлари якунларига кўра яна Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлигига тайинланган.

Мавзуга оид