13:45 / 12.09.2016
17922

Тошкентдаги «Ҳазрати имом» масжидида Қурбон ҳайити намози ўқилди 

Тошкентнинг кўҳна эски шаҳар қисмида жойлашган «Ҳазрати имом» (Ҳастимом) масжидида Қурбон ҳайити намози Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида адо этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

"Бу муборак кунларда меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам, саховат каби эзгу амалларни кўпроқ амалга ошириш ҳамда қурбонлик қилиш, унинг тартиб ва одоблари ҳақида муфтий ҳазратлари сўзлаб бердилар.

Ҳайит намози адо этилгач, муфтий ҳазратлари: “Аллоҳ Қурбон ҳайити намозининг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, бу улуғ байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этиб, ҳидоятга бошласин, даражаларини юқорига кўтариб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини бардавом қилсин”, деб дуо қилдилар. 

Нуроний отахонлар ҳам бир-бирларини байрам билан қутлар эканлар, бу доруломон кунларга етказганига шукр қилишди, юртимиз тинч ва бундан-да фаровон бўлишини тилашди. Озод ва обод Ватанимиз равнақини, фарзандлар камолини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар", дейилган хабарда.

Шунингдек, Қурбон ҳайити намози Ўзбекистоннинг барча масжидларида адо этилган.

Тошкент шаҳридаги барча масжидларда Ҳайит намози 12 сентябрь куни тонгги соат 06:15 да ўқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса Ҳайит намози тақвимдаги вақт тафовутлари асосида ўқилди.

Top