Спорт | 18:26 / 13.09.2016
9102
2 дақиқада ўқилади

Чехиялик хоккей ҳаками бошига шайба тегиши туфайли оламдан ўтди

Чехиялик хоккей ҳаками Павел Лаинка бошига шайба тегиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Миллий хоккей лигаси сайти муҳаррири Роберт Новотни ўзининг твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилган.

Маълум қилинишича, 25 август куни «Уорриор Брно» ва «Янг Dragonс Шумперк» ўсмирлар хоккей жамоалари ўртасидаги ўйин вақтида Павел Лаинканинг бошининг ҳимояланмаган қисмига шайба теккан ва у шу заҳоти шифохонага ётқизилган эди.

Ҳакам 10 сентябрь куни ҳаётдан кўз юмган.

«Жиддий жароҳати туфайли дўстимиз ва ҳамкасбимиз Павел Лаинка икки ҳафта давомида шифохонада бўлди, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмади. Марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз. Унинг руҳи ором олсин», — дея ёзган Новотни.

24 ёшли Лаинка Чехияда истиқболли ҳакамлардан бири ҳисобланаётганди. Ҳакамлик фаолиятидан олдин у «Брно» жамоасининг ўсмирлари таркибида ўйнаган.

Чехия хоккей федерацияси ҳакамнинг ўлими муносабати билан унинг яқинларига таъзия билдирган. Мамлакат чемпионатининг Экстралигаси ва иккита ёшлар лигасидаги учрашувлар 1 дақиқалик сукут билан бошланади.

Мавзуга оид