Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов номи Тошкент шаҳрида қайта қурилаётган масжидлардан бирига қўйилади. Бу ҳақда марҳум президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева маълум қилган.

"Азизлар, Зулҳижжа ойининг ушбу муборак кунларида хушхабар билан  ўртоқлашмоқчиман. Тошкент шаҳрининг энг қадимий масжидларидан бири бўлмиш “Фарғона йўли” кўчасида жойлашган жомеъ масжидининг янгиланган биноси қурилиши тез кунларда ниҳоясига етади. Масжиднинг биноси 2015 йилнинг баҳор ойида содир бўлган ёнғин натижасида деярли буткул вайрон бўлган эди. 

Ушбу масжидни қайта тиклашдек савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман. 

Мамлакатимиз диний уламолари ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан намозгоҳга “Ислом ота” жомеъ масжиди номи берилди. 

Аллоҳ таолодан раҳматли отамнинг диний қадриятларни тиклаш, ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги йўлидаги солиҳ амалларини қабул айлаб, ўз мағфиратига олиши ҳамда охиратларини обод этишини илтижо қиламиз. 

Масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкин. 

Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.

Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилишди. Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган.

Янги қурилган мажмуада кутубхона ва таҳорат хоналари ҳам барпо этилди. Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.

Тошкент шаҳрининг энг эски масжидларидан бири саналмиш ва уч юз йиллик тарихга эга “Ислом ота” масжидининг қайта тикланиши – халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини сақлаб қолишга ёрдам берувчи чинакам тарихий ҳодисадир.