Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини йўллади. Табрик матни 30 сентябрь, жума куни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Авваламбор, дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб эгаси бўлган сиз, азизларни бугунги қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ушбу сана бундан 19 йил олдин Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан эл-юртимизнинг сизларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромининг амалий ифодаси, умумхалқ байрами сифатида таъсис этилганини албатта ҳаммамиз яхши эслаймиз.

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишни келажаги буюк Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим шарти деб билган, сизларга ўзининг энг яқин маслакдошлари сифатида катта ишонч ва ҳурмат билан қараган Юртбошимизнинг ўзлари ҳам барчамиз учун меҳрибон устоз, талабчан мураббий эдилар.

Ислом Абдуғаниевич Ватанимизни буюк муҳаббат билан севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш, бу йўлда бор билим ва тажрибамиз, бутун борлиғимизни сафарбар этиш борасида биз учун юксак ибрат мактабини яратиб кетдилар.

Жаҳон ҳамжамиятида «ўзбек модели» деб тан олинган тараққиёт стратегиямизнинг ажралмас қисми бўлган замонавий таълим-тарбия тизимига асос солган, бу соҳани давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтариб, унинг ривожланиш йўлларини аниқ белгилаб берган, «Бутун Ўзбекистон болалари – менинг азиз фарзандларим» деб уларни ҳамиша эъзозлаган Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ўлмас тарихий хизматларини бугунги ва келгуси авлодлар доимо чуқур миннатдорлик билан ёдга олади.

Улуғ устозимизнинг эзгу ғоя ва васиятлари асосида таълим ва тарбия соҳасидаги туб ислоҳотларни юксак босқичга кўтариш, мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлод кадрларини вояга етказишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш ҳаммамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиз бўлиб, биз бу йўлда биринчи навбатда сиз, азизларга, сизларнинг билим ва малакангиз, тажриба ва маҳоратингизга таянамиз.

Азиз дўстлар!

Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.