1918 йилда Чарльз Шваб дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган. У Bethlehem Steel Corporation (ўша пайтлардаги энг йирик кемасозлик ва катталиги бўйича иккинчи ўринда турган пўлат компанияси) раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган. Машҳур ихтирочи Томас Эдисон уни ҳурмат билан тилга олар эди - Шваб доимо рақиблардан устун бўлишга ҳаракат қиларди. 

1918 йилда жамоасининг самарадорлигини ошириш ва ишлашнинг янада муваффақиятли усулларини топишга уринган Шваб таниқли бизнес маслаҳатчи Айви Лед­бет­тер Ли билан учрашув ташкиллаштирган. 

Ли омадли ишбилармон ҳам бўлган - ҳозирда уни жамоатчилик билан алоқа соҳасининг пионери сифатида ёдга олишади.

Ли ташриф буюргач, Шваб ундан ишлаб чиқариш самарадорлигини қандай ошириш мумкинлиги ҳақида сўраган. Шунда Ли кутилмаган жавобни берган: "Менга ҳар бир раҳбарингиз билан суҳбатлашиш учун 15 дақиқадан вақт берсангиз". Шваб бу қанча туришини сўраган. "Агар менинг ёндашувим иш берса, ҳеч қанча. Акс ҳолда эса, 3 ойдан кейин ўзингиз адолатли деб билган суммага чек ёзиб жўнатишингиз мумкин", - дея жавоб берган Ли. 

Айви Ли раҳбарлар билан ўтказган 15 дақиқали суҳбат давомида максимал даражада самарадорликка эришишга имкон берувчи оддий усулни тушунтириб берган.

Айви Ли усули 

1. Ҳар бир иш куни якунида эртанги кун бажаришингиз керак бўлган энг муҳим 6 ишдан иборат рўйхатни ёзиб қўйишга одатланинг. Бундан ортиғига ҳожат йўқ. 
2. Бу ишларни муҳимлик даражасига кўра рақамлаб чиқинг. 
3. Эртасига эрталаб ишга келгач, энг аввало, биринчи вазифага диққатни қаратинг (истисносиз). Иккинчи ишга ўтишдан олдин биринчисини тамомлаган бўлишингиз шарт. 
4. Рўйхатдаги ишларингизни ана шундай тартибда бажаринг. Кун охирида тугалланмаган элементларни кейинги куннинг 6 вазифаси рўйхатига қўшишни унутманг. 
5. Ҳар бир иш кунида ана шундай тартибга риоя қилинг. 

Стратегия оддий туюлса-да, Шваб ва унинг Bethlehem Steel менежерлар жамоаси унга амал қилиб кўришга қарор қилишди. 3 ойдан сўнг Шваб компания ривожидан шу қадар мамнун бўлганки, Лини компаниясига таклиф қилиб, 25 минг долларлик чек тақдим қилган. 

1918 йилда 25 минг доллар - 2015 йилнинг 400 минг долларига тўғри келади. 

Айви Лининг рўйхат тузиш усули ҳаддан зиёд соддадек кўринади. Қандай қилиб мана шундай оддий маслаҳат юксак мукофотланган? У нимаси билан шу қадар самарали?