Дунёда турли хил кўринишда, турли хил автомобиллар ишлаб чиқарилади. Йўлтанламас, купе, хэтчбек, седан...арзони, қиммати, дабдабалиси...Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Бироқ, бугунги кунда люкс тоифасидаги автомобиллар орасида Бэнтли белгиси кўпчиликка яхши таниш бўлиб улгурди. У сўнгги йилларда, ўз тоифасида энг кўп сотилаётган автомобиллар рўйхатига етакчилик қилаяпти. 

Хўш, ушбу автомобиллар қандай ишлаб чиқарилади? Мотор.ру сайти ходимлари ушбу транспорт воситаси ишлаб чиқариладиган заводда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишиб, тафсилотлари билан ўртоқлашишди. 

Bentley заводи Буюк Британиянинг Крю шаҳарчаси яқинидаги бир пайтлар картошка экиладиган далага барпо этилган. Жой танлашда йирик шаҳарлардан узоқ бўлишига, аммо автомобиль ва темир йўллар инфратузилмаси ривожланганлигига эътибор қаратилган. Дастлаб заводни Rolls-Royce компаниясининг авиация двигателларини ишлаб чиқариш мақсадида қуришган. Қурилиш ишлари бошланганидан атиги 5 ой ўтгач, унинг цехидан биринчи 12 цилиндрли Merlin двигатели ишлаб чиқилди.

Айтиш жоизки, ҳозир ҳам Крю заводи 12 цилиндрли моторлар ишлаб чиқарувчи дунёдаги оз сонли саноат қувватларидан биридир. Бироқ, бу двигателлар самолётлар учун эмас, балки автомобиллар учун. Уларнинг шаклида ҳам бирмунча ўзгаришлар юз берган. V шаклли моторлар ўрнига W шакллиси ишлаб чиқарилмоқда. Агар сиз бу мотор Фольксвагенники десангиз, заводдагиларнинг барчасидан узр сўрашингизга тўғри келиши аниқ. Ҳатто, Audi ва VW учун ушбу турдаги моторлар шу ердан етказиб берилади. Фақат, немислар учун чиқарилган атмосферали W12, Bentley машинасида иккита турбинага ҳам эга бўлади. 

Бир қарашда, Крюдаги Bentley корхонаси одатдаги автомобиль заводи. Бироқ, бу ерда жуда қиммат машиналар ишлаб чиқарилади. Завод ичидаги ёғоч ва чармга ишлов бериш цехларида бу айниқса кўзга ташланади. Бу ерда ҳар бир жараён ўнлаб, юзлаб босқичдан ўтади. 

Масалан, чарм танлашни олайлик. Агар унда ҳар қандай жиддий нуқсон бўлса, уни ҳатто орқа ўриндиқнинг пастки қисмида ҳам фойдаланишмайди, аксинча ташлаб юборишади. Агар нуқсон унчалик сезиларли бўлмаса, асқатиб қолиши мумкин. Ҳар доим ҳайдовчи кўзи ўнгида бўладиган панелларга жило беришда чарм албатта энг юқори талабга жавоб бериши керак. Бунда энг мураккаб жараён, салон томига муносиб ва етарли сифатдаги чармни танлашдир.