Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида учта қонун қабул қилинди
6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Парламент аъзолари ўз ишларини «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида қўмита томонидан сиёсий партиялар фракцияларининг, шунингдек, айрим депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларига катта эътибор қаратилди.
Батафсил муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу қонунни қабул қилдилар.
Сўнгра депутатлар муҳокамасига «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тақдим этилди.
1992 йилда қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни касаба уюшмалари фаолиятини янада ривожлантиришга, ходимларнинг меҳнатга доир, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг таъсирчан ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашганлиги таъкидланди.
Мажлис иштирокчилари қайд этиб ўтдиларки, таклиф этаётган ўзгартишлар касаба уюшмаларининг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги эркинлиги кафолати бўлиб хизмат қилади, касаба уюшмаларининг янада ривожланиши учун зарур ҳуқуқий базани яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бирхиллигини таъминлаш имконини беради.
Муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу қонунни қабул қилдилар.
Депутатлар, шунингдек, жиноятчилик ҳолатининг, ундаги ўзгаришларнинг ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жиноий жавобгарликни янада такомиллаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Қонунчилик палатаси депутатларининг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга, жазоларнинг адолатлилиги принципини таъминлашга, шунингдек, мазкур соҳаларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади.
Мажлис давомида парламент қуйи палатасининг аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Мавзуга оид
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
18:07 / 16.10.2024