Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Фармонда маркировка бўйича ҳам айрим янгиликлар кўзда тутилган.

Хусусан, бундан буён (фармон 28 августдан кучга кирди) меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан сув ва салқин ичимликлар, пиво ва тамаки маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари ушбу субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади.

Шунингдек, 2026 йил ноябр ойига охирига қадар маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини енгиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:

  • чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун қўлланиладиган жарималарни қатъий миқдорда белгилаш;
  • маркировкалаш қоидалари бузилгани аниқланганда биринчи марта огоҳлантириш тартибини жорий этиш.

Маълумот учун, амалдаги Солиқ кодексида маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун чораклик соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима белгиланган.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, жарима миқдори чораклик соф тушумнинг 20 фоизига тенг бўлади.