ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида қонун ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ички ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов билан суҳбатлашди

– Фуқароларнинг Ички ишлар вазирлигига, соҳавий хизматларимизга мурожаат қилишлари учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди И.Турғунов. – Аҳоли тизимимизга хат, интерфаол усул ва ишонч телефонлари орқали бемалол ўзлари дуч келган муаммо ва масалалар бўйича мурожаат қилиши мумкин. 

Қонун талабларидан келиб чиқиб вазирлик тизимида мурожаатлар билан ишлаш соҳасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳадаги ишларни янада яхшилаш мақсадида 2016 йил бошида вазирликнинг “2016-2017 йиллар давомида ички ишлар органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси” қабул қилинган. Уни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. 

Белгиланган вазифалар ижроси доирасида мурожаатлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Электрон, оғзаки ва ёзма мурожаатларни кўриб чиқиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. 

– Ички ишлар идораларида электрон мурожаатлар билан ишлаш қандай йўлга қўйилган? 

– Ички ишлар вазирлигининг www.mvd.uz сайти орқали фуқароларга ўндан ортиқ интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда. Сайт Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланган. Аҳоли мазкур портал орқали ёки сайтимизда кўрсатилган бошқа имкониятлар орқали бизга мурожаат қилиши мумкин. Унда ишонч телефонлари ва вазирлик электрон манзили кўрсатилган. 

Фуқаро ва юридик шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида вазирлик марказий аппаратининг бевосита мурожаатлар билан ишловчи асосий соҳавий хизматлари, яъни шахсий таркиб билан ишлаш хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тергов бош бошқармалари, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига тўлиқ уланган. 

Бу билан фуқаро ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғридан-тўғри ушбу соҳавий хизматлар томонидан қабул қилиниши йўлга қўйилган. 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами тўрт мингдан зиёд мурожаат келиб тушди.