Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган абитуриентлар ва талабалар контракт тўловини амалга ошириш учун contract.edu.uz платформаси орқали онлайн ариза беради.

Шартномани расмийлаштириш жараёнида «Шартнома турини танлаш» бандида икки томонлама ёки уч томонлама шартномадан бирини белгилаш талаб этилади.

Икки томонлама шартнома ОТМ ва абитуриент ёки талаба ўртасида тузилади.

Агар контракт ёки супер-контракт пули талаба томонидан ўз маблағлари ҳисобидан тўланса, икки томонлама шартнома танланиши керак.

Шунингдек, контракт пули ота-онанинг иш ҳақи ёки бошқа шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган бўлса ҳам икки томонлама шартнома расмийлаштирилади.

Банк орқали таълим кредити олиб контракт пулини тўлашни режалаштирган талабалар ҳам икки томонлама шартномани танлайди.

Уч томонлама шартнома эса ОТМ, абитуриент ёки талаба ҳамда ҳомий ташкилот ўртасида тузилади.

Яъни контракт ёки супер-контракт пулини талабанинг ўзи ёки ота-онаси эмас, балки бирор корхона ёки ташкилот ҳомий сифатида тўлаб берса, уч томонлама шартнома танланади.

Бунда шартномани расмийлаштириш жараёнида ҳомий ташкилотнинг СТИР рақамини киритиш талаб этилади.

Шунингдек, талабаларга бир йиллик контракт тўловини тўрт қисмга бўлиб тўлаш имконияти берилган. Белгиланган тартибга кўра, дастлабки 25 фоиз миқдоридаги тўловни 1 октябрга қадар амалга ошириш талаб этилади.