Ўзбекистон | 09:18 / 13.10.2016
7321
2 дақиқада ўқилади

Сенат «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқди

2016 йил 12 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н. Йўлдошев бошқарди.

Мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан таклиф этилган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.

Ушбу қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек, давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида қабул қилинганлиги таъкидланди. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни устидан мониторинг юритиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари назарда тутилмоқда.

Қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати, даражаси ва самарадорлигини оширишга, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир кафолатларни мустаҳкамлаб қўйган яхлит ҳужжатдир. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатда ижтимоий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган, ижтимоий хизматларга муҳтож аҳоли тоифалари аниқлаб берилган, уларни аниқлаш мезонлари ва тартиби белгиланган.

Қонунда, айниқса, таълим, ишга жойлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ҳамда турлари муҳим ўрин эгаллайди, ушбу соҳадаги идоралараро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик масалалари тартибга солинмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид