Жаҳон | 17:01 / 13.10.2016
25426
2 дақиқада ўқилади

70 йилдан буён Таиландни бошқариб келган қирол оламдан ўтди

© AP Photo

Ўтган якшанба куни саломатлиги кескин ёмонлашган Таиланд қироли Пхумипон Адульядет (Рама тўққизинчи) бугун, 12 октябрь куни 89 ёшида оламдан ўтди.

1946 йилдан буён тахтда ўтирган қирол Пхумипон 1 йилдан буён Бангкокдаги Сирирач госпиталида даволанмоқда эди. Уни охирги бор омма олдида 11 январда кўришганди. У бугунги кунда энг кўп вақт ҳукмронлик қилиб турган монарх ҳисобланарди.

12 октябрь куни қирол ҳузурида унинг барча тўрт фарзанди, жумладан, валиаҳд шаҳзода ҳозир бўлганди.

9 октябрь куни Таиланддаги қироллик саройи бюроси Пхумипон Адульядетнинг саломатлиги ёмонлашганини эълон қилганди. Қирол қонини токсинлар, ортиқча тузлар ва суюқликлардан тозалаш жараёни ўтказилган, бу эса унинг қон босими кескин тушиб кетишига сабаб бўлган. Шундан сўнг қирол ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмасига уланганди.

Марҳум нафақат давлат раҳбари, балки ўз халқи учун кўп ишларни амалга оширган меҳнатсевар-қирол сифатида ҳам ўз фуқароларининг чексиз ҳурмат ва муҳаббатига сазовор бўлганди.

Европада таҳсил кўрган қирол Таиланд умуммиллий ирригация тизими муаллифи бўлиб, айнан мана шу дастур туфайли мамлакат гуруч экспорти бўйича дунёда етакчи ўринга чиқишга муваффақ бўлган.

Ушбу қирол ташаббуси билан мамлакатда мол фермалари ташкил этилиб, Таиланднинг барча мактаб ўқувчилари ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ кальций манбаи ҳисобланган сут билан таъминланган.

Мавзуга оид