Янги авлод смартфонларнинг суперсиғимли батареялари аксарият ишлаб чиқарувчиларнинг фахрланишига сабаб бўлиб, маркетингдаги муҳим устунлик ҳисобланади. Бироқ аслида бундай аккумуляторларда яширин таҳдид мавжуд - сўнгги пайтларда телефон батареяларининг портлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда, бундан ҳеч ким "суғурталанмаган". Тrendymen.ru батареялар нима учун портлаши ҳамда қандай қилиб бунинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди. 

Фото: trendymen.ru

Аккумулятор нима?

Батареялар кимёвий энергияга мўлжалланган кичик контейнерлар ҳисобланади. Аккумуляторнинг ишлаш тамойили электронларнинг салбий аноддан катодга ўтишига асосланади. Батарея зарядланганидан кейин смартфон ишлаши учун энергия берувчи электронларнинг ҳаракатланиш жараёни бошланади. Бу жараён батарея ичидаги барча электронлар аноддан катодга ўтиб олмагунича давом этади. 

Фото: trendymen.ru

Батарея нимадан ясалган?

Одатий батареяларнинг ичида ижобий ионлар ҳаракати амалга ошувчи кимёвий муҳит - анод, катод ва электролит мавжуд. Аксарият смартфон ва планшетларда қўлланувчи литий-ион батареялар ўзида кобальт, никель, марганец, графит, шунингдек электролитнинг литий тузлари каби моддаларни мужассам қилган. Аккумулятор фаолиятининг кимёвий асоси - ижобий ионларнинг мунтазам равишда электролитлар орқали салбий қутбдан ижобий томонга ҳаракатланиш жараёни. Шу туфайли батарея фаол ишлаш вақтида аккумулятор ичидаги кимёвий жараёнлар ҳисобига ҳаддан зиёд қизиб кетиши мумкин.

Фото: trendymen.ru

Нима учун батареялар тез тугаб қолади?

Батареянинг ишлаш тамойили оддий бўлиши мумкин, лекин бунинг учун керак бўладиган технологиялар у қадар оддий эмас. Батареяларнинг ишлаш вақтини чекловчи асосий омил энергия зичлиги ҳисобланади. Аккумуляторнинг кимёвий компонентлари қанча энергия тўпласа, у шунча электр энергиясини ишлаб чиқариши мумкин. Батарея ичидаги нофаол материаллар - "ўлик юк" ҳисобланади. Батарея корпуси, назоратчи чиплар ва симлар шулар жумласидандир. Улар аккумуляторларга вазн қўшади, аммо унинг самардорлигини оширмайди. Замонавий технологияларни инобатга олганда, смартфон батареясининг хизмат вақтини узайтиришнинг ягона усули - смартфон электроникасининг энергетик самарадорлигини ошириш ва батарея ҳажмини катталаштириш ҳисобланади, лекин енгиллик тенденцияси ишлаб чиқарувчиларни зарядсиз бир кундан ортиқ ишлай олмайдиган ингичка батареяларни қўллашга мажбур қилади.