17:25 / 30.10.2016
7915

Дунёнинг энг ёши улуғ шахматчиси ҳаётдан кўз юмди

Фото: ruchess.ru

Дунёнинг энг кекса шахматчиси Самуил Жуховицкий 100 ёшида Ростов вилоятидаги Новочеркасскда ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақида 30 октябрь, якшанба куни халқаро гроссмейстер Василий Папин хабар берди, унинг сўзларини "Российская газета" нашри етказди. 

"Афсонавий шахматчи ва ҳаётда оддий инсон дунёдан кўз юмди. У ўзининг навбатдаги юбилейидан бироз аввал вафот этди.  Самуил Жуховицкий тўлиқ бир аср яшади - у инқилоблар, урушлар, чор ҳукумат, социализм ва капитализм гувоҳи бўлди", - деди Папин.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Жуховицкий турнирларда иштирок этмаган, лекин "шахмат ҳаётини кузатиб борган".

Жуховицкий 1916 йилнинг 12 декабрида Одессада таваллуд топган. У 10 ёшидан шахмат билан шуғуллана бошлади, 1940 йилда СССР спорт устаси, 1967 йилда эса - халқаро таснифдаги спорт устаси дея эътироф этилди. Жуховицкий — Улуғ Ватан уруши иштирокчиси. 

У шахмат тахтаси устида кўплаб жаҳон чемпионлари - Василий Смыслов, Михаил Таль, Михаил Ботвинник, Тигран Петросян билан учрашган. 
 

Top