Ўзбекистон сиёсий партиялари сешанба куни ўз сайтларида номзодларининг сайловолди дастурларини эълон қилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновнинг сайловолди дастури «Бизнинг мақсад — аҳоли турмуши даражаси ва сифатини янада ошириш!» дея номланган.

Дастурда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиш, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади – ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассам.

Ушбу дастур Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партия­си фракциясининг Парламентдаги кўпчилик — демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланади. Булар, энг аввало:

— мамлакатнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосида, ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг тартибга солувчанлик ролини мустаҳкамлаш;

— энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш;

— аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш;

— аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш;

— муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг асосий мезони уларни ҳаётга татбиқ қилиш орқали яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, демакдир.

Биз учун асосий устувор йўналиш, авваламбор, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.