Ўзбекистон сиёсий партиялари сешанба куни ўз сайтларида номзодларининг сайловолди дастурларини эълон қилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастури «Бизнинг мақсад — тинчликни таъминлаш, тараққиёт ва қонун устуворлиги!» дея номланган.

Бизнинг бош мақсадимиз – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат.

Бизнинг сайловолди дастуримизда давлатимизнинг жадал ривожланиши йўлида халақит бериши мумкин бўлган тўсиқлар ҳар томонлама таҳлил этилган ҳолда, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб оладиган ва эҳтимол тутилган хавф-хатарларнинг олдини олиш, яқин ва олис истиқболга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган ва шунингдек, мамлакатимизни янада тараққий эттиришни таъминлайдиган бешта устувор йўналиш белгилаб олинди.

I. Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш. «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини амалга ошириш

Сиёсий тизимни ривожлантириш соҳасидаги устувор вазифаларимиз ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини амалга ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришдан иборат.

Биз давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ролини кучайтириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид энг муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтиришни зарур деб ҳисоблаймиз.

Кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг таъсирини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини назарда тутиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида сиёсий партиялар гуруҳларининг ролини кучайтириш, айниқса, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтириш тарафдоримиз.