Tribuna.Uz Европа чемпионлар лигасининг 5-туридан ўрин олган учрашувлар бўйича анонслар беришни давом эттиради. 

Ҳали ҳеч бир масалага ойдинлик киритилмаган В гуруҳида барча тўртта жамоада имконият сақланиб қолмоқда. Ҳаттоки бир очко билан сўнгги ўринда бораётган «Динамо Киев»да ҳам назарий жиҳатдан имконият сақланиб турибди. Ҳақиқий кураш учта жамоа ўртасида кечмоқда.

Турнир жадвали. 5 турдан кейин квартетда «Наполи» 7 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзаро ўйинлардаги натижа туфайли неаполликлар «Бенфика»дан олдинда туришибди. «Бешиктош» эса бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ҳолда 6 очко билан пешқадамларни изма-из таъқиб қилишда давом этмоқда. Ушбу турдаги ғалаба «Наполи»ни плей-оффга олиб чиқиши мумкин. Жуда кам бўлсада имкониятга эга бўлган «Динамо» Киев эса имкониятни сақлаб қолиши учун Неаполда икки тўп фарқи билан (ёки 3:2, 4:3 ҳисобидаги кўпроқ тўп киритилган битта тўп фарқи билан) ғалаба қозониши керак бўлади.

Наполи – Динамо Киев (00:45, Матч! Футбол 2)
Ўйин олдидан. Шарқий Европанинг энг совриндор жамоаси бу евромавсумни жуда омадсиз ўтказмоқда. Жамоа «Бенфика»га қарши сўнгги икки ўйинда ҳам ғалаба учун яхши имкониятларга эга бўлишди. Пенальти аниқ амалга ошрилмади. Вазиятлар кўкка совурилди ва натижада гуруҳ босқичи тугашига икки турга қолганда жуда оғир вазиятда қолди. «Наполи»нинг сўнгги икки ўйини ҳақида ҳам шу фикрни билдириш мумкин. Дастлабки иккита турда юз фоизлик натижа қайд қилган италияликлар «Бешиктош»га қарши учрашувларда  бор-йўғи бир очко жамғарди.

Йўқотишлар ҳақида гап кетганда «Наполи» Аркадиуш Миликдан узоқ муддатга ажралганини яна бир бор эслаб ўтиб кетиш жоиз. Қолган чизиқларда сезиларли муаммо кўзга ташланмайди.

Тахминий таркиблар
Наполи: Рейна, Кулибали, Кирикеш, Ғулом, Хюсай, Жоржиньо, Аллан, Ҳамшик, Кальехон, Мертенс, Инсинье.
Динамо Киев: Рудько, Хачериди, Очигава, Вида, Рибалка, Макаренко, Сидорчук, Гармаш, Ярмоленко, Циганков, Беседин.

Имкониятлар. Букмекерлар фикрича яққол фаворит «Наполи».  Маурисио Сарри жамоаси ғалабаси учун 1.45-1.50 коэффициентда ставкалар қабул қилинмоқда. Меҳмонларнинг ғалабаси учун 8.10-8.20 ўртача коэффициентни учратиш мумкин.