Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бир куни қабулимга бир йигит ҳаяжон билан кириб келиб, мулоҳазали мавзуни кўтариб қолди. У: “Қори ака, жумъа маърузаларида қизларнинг тарбияси тўғрисида кўпроқ гапирмасангиз бўлмайди...”, деб ўз эътирозини билдирди. Унинг бу сўзида яқин вақт ичида қандайдир ҳодиса рўй бергани ва қаттиқ таъсир қилгани сезилиб турарди. Ундан: «Нима бўлди?» деб сўрадим. Йигит: «Кўчада бир машинани тўхтатдим. Ҳайдовчи ёнидаги олд ўриндиқда бир қиз ҳам ўтирганди. Мен айтган манзилга қараб кетарканмиз, беихтиёр олд ўриндиқдаги қизга кўзим тушди. Унинг кийимлари бир аҳволда экан. Шу вақт қиз машина магнитафони тугмаларини боса бошлади. У қилди, бу қилди, анча уринди, ўзи истаган нарсани тополмагач, ёнидаги ҳайдовчига қараб: «Ада, ўзингиз қаранг буни, фалон нарсага қўйинг, мен тополмаяпман», деб қолди. Эътибор берсам, унинг тугмаларни боса олмаётганига тирноқларини ниҳоятда ўстириб олгани халал бераётган экан. Энг ажабланганим шундаки, автомобилни бошқариб кетаётган отаси қизининг кийинишига мутлақо бепарво эди. Шу ҳолат менга қаттиқ таъсир қилди. Наҳотки ота ўз қизини шу ҳолатда кўчага чиқишига, уни ўз ёнида олиб юришга қўйиб берса?! Балки қизини ўқишга, ишга, бозор ёки бошқа ерга олиб бораётгандир. Эҳтимол, ўзини замонавий оталардан ҳисоблаб, қизининг истаганича кийинишига қўйиб беришидан фахрланар ҳам! Мана, жумъа намозларига асосан оталар, хонадон раҳбарлари келишади. Балки улар орасида ҳам қизи, турмуш ўртоғининг очиқ-сочиқ кийинишига эътиборсизлар бордир. Эътиборсизлар ёки бунинг катта маъсият эканини билмаганлар бўлса ўргатиш, унутганларнинг ёдига солиш учун ҳам барчамизга қизлар тарбиясидаги энг нозик томонлар тўғрисида, қиз-жувонларнинг иффати, ҳаёси, имон-эътиқоди, ахлоқ-одобини сақлаш учун ҳақиқий эр йигитлар, оталар, ака-укалар нималар қилмоғи тўғрисида маъруза қилинса», деди.
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги кунда шаҳримизнинг ҳар бир қадамида бу каби ҳолатларни учратиш мумкин. Бозорда ишлайдиган сотувчилар томонидан ҳам худди шундай гаплар тез-тез тилга олинмоқда. Айрим ота-оналар қизларини кийим-кечак дўконига олиб кириб, бир-биридан тор, елкаси, орқаси очиқ ажнабий либосларни кийдириб кўраётганини, ҳатто отаси буларни кийдириб кўриб: «Йўқ, бу ярашмади, бу унчалик одамни жалб қилиб, ўзига тортадиган эмас экан, беўхшов бўлиб қолдинг, яна ҳам яхшироғини, яна ҳам торроғини, яна ҳам калтароғини кийгин», деб тавсия қилаётганига ҳам гувоҳ бўлаётганлар бор.
Инсон замон талаби шу экан-да, деб нима бўлса қабул қилиб кетавермаслиги керак. Аввало, ота-оналар болалар учун масъул. Улар фарзандлар соф фитратда дунёга келишини, ота-оналар уларни ўзларидан келиб чиқиб ё бузишлари, ёки тузатишлари мумкинлигини унутмасликлари лозим.
Орамизда бу каби бидъату хурофотлар, гуноҳу маъсиятлар пайдо бўлса, уларга лоқайд қарамаслигимиз, қўлимиздан келганича уларга қарши чиқишимиз шарт. Акс ҳолда, гуноҳкор бўламиз, нафақат у дунёда, балки бу дунёнинг ўзида ҳам жазомизни олмасдан ўтмаймиз. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар, ҳатто Қуръон оятлари келган.











