Кеча, 24 ноябрь куни Англия футболининг буюк футболчиларидан бири, «Ливерпуль» қаҳрамони Стивен Жеррард бутсаларини «михга илганини» маълум қилди. 19 йиллик профессионал фаолияти давомида жуда кўплаб мухлисларнинг ёқимтойига айланган футболчи мураббийлик фаолиятини бошлашни ният қилган. Tribuna.Uz «Ливерпуль»нинг узоқ йиллар давомидаги сардорининг футболдаги энг ёрқин лаҳзаларини эслаб ўтади.

«Ҳиллсборо»дан қолган «чандиқ»
1989 йилда содир бўлган «Ҳиллсборо»даги даҳшатли трагедияни «Ливерпуль» сардори қалбида алоҳида оғриқ билан ёдга олади. Ўшанда тиқилинчда ҳалок бўлган 96 нафар «Ливерпуль» мухлислари орасида Жеррарднинг 10 ёшли амакиваччаси Жон-Пол ҳам бор эди. Стиви ўзининг «Менинг тарихим» номли автобиографик китобида мазкур воқеа унга ҳалигача тинчлик бермаслигини ва юрагини яралаганини тан олганди. Жеррард биринчи марта бундай ҳиссиётни «Ҳиллсборо»га бағишлаб ташкил қилинган тадбирларнинг бирида ҳис қилганди.

«Челси»? «Манчестер Юнайтед»? Кечирасиз
Стивен Жеррард 8 йил давомида «Ливерпуль» академияси тизимида тарбия топади, аммо 14 ёшга тўлганида «МЮ» кўригида бўлади. Мақсад — ливерпулликлар раҳбариятини шартнома тузишга мажбурлаш. 2004 йилда эса Стиви Жи «Челси»дан таклиф олади — у ерга Жеррард ўз китобида дунёнинг энг кучли мураббийи дея таъриф берган Жозе Моуриньонинг шахсан ўзи чорлаганди. Португалиялик мутахассис Жеррардни кейинчалик «Интер» ва «Реал»га таклиф қилади, бироқ ҳар сафар рад жавоби эшитади.

Истанбулдаги «триллер»нинг тарихий қаҳрамони
Европа чемпионлар лигасининг 2005 йилдаги буюк финали «Ливерпуль» сардори бўлмаганида бу номни олмаган бўларди. Айнан Жеррард, Истанбулдаги ўйиннинг иккинчи бўлимида кўпроқ ҳужумларга қўшилганди. Ливерпулликларнинг биринчи голини нишонларкан, у икки қўлини баланд баланд силкитиб, мухлисларни ҳам, жамоани ҳам руҳлантиради. Кейинчалик бу ҳаракат финалнинг ҳал қилувчи дақиқаси дея таърифланганди. Голдан олти дақиқа ўтиб, Гаттузонинг айнан Жеррардга нисбатан ишлатилган қўполлиги натижасида белгиланган пенальтидан Стивеннинг энг яқин дўстларидан бири Хаби Алонсо унумли фойдаланади. Триллернинг давоми эса сизга маълум. Жеррард ўша кечанинг энг яхши футболчиси деб топилади ва «Ливерпуль» учун 21 йилдан кейин илк марта (ҳозирча сўнгги) чемпионлар Кубогини олиб берилишида бош қаҳрамон сифатида қатнашади.