Битта гапга қўшиламан: «Челси» АПЛда чемпионлик учун энг асосий даъвогар. Ростан ҳам айнан Антонио Конте жамоаси қисқа вақтда кўрсатган ўйинлари билан бунга тез ишонтира олди. Олтита ўйинда бирорта гол ўтказмасдан ғалаба қозонган жамоа, тушунарлики, энг яхши спорт формасида, ўйин ўхшаб турибди. Жамоа устунлик қилиб ғалаба қозоняпти. Лекин ҳар бир жамоада бўлгани каби пасайиш даври кузатилганда, ёки умуман ўйин чиқмаганда «Челси» қанақа кўринишда бўлади? Айнан мана шу савол охирги икки ўйиндан олдин долзарб бўлиб турганди. Конте кўрсатдики, жамоа ҳар қандай шароитга тайёр. Жамоа ўйинни тактик жиҳатдан ютқазиб ҳам натижа эриша олишини исботлади. «Тоттенҳэм»га қарши биринчи бўлим, «Сити» билан бутун ўйинни тактика жиҳатдан бой берган жамоа, натижа жиҳатдан максимал очко билан чиқиб кетди.
Албатта, «Сити»га қарши ўйинда «Челси» қарши ҳужумда ўйнади, вазиятлардан фойдаланди, яъни жамоанинг бу ўйинга танлаган тактикаси шунақа эди, дейишингиз мумкин. Лекин лондонликларнинг биринчи голигача бўлган вазиятларни кўриб чиқсак, бундай хулосага келмаймиз. «Манчестер Сити» ҳимояга ётиб олган жамоа мудофаасини ёриб ўтишга, вазият яратишга қийналмади. Гвардиола жамоасида ҳаммаси ўхшади. Вазиятлар яратилди. Рақиб ҳимоясидаги қўпол хатолардан фойдаланиш имконияти бўлди. Лекин улардан фойдаланишда жамоага омадми, билмадим хуллас, якун етишмади. Гап бу ерда фақатгина «Сити»нинг вазиятлар яратганида эмас, балки мақталган «Челси» ҳимоясини бир неча марта осонлик билан бузиб ўтганида, голли вазият яратгандаям юз фоиз гол бўлиши керак бўлган вазиятларга эга бўлганида. Де Брюйне ёки Агуэрода юзага келган вазиятларни эсланг. Сўнгги зарбадан бошқа ҳаммаси идеал кўринишда амалга оширилди. Фақат шунчаки тўп дарвозага киритилмади. Агар ўша гол бўлишидан кўра, бўлмаслиги қийинроқдек кўринган вазиятлардан Гвардиола жамоаси фойдаланганда бугунги мақоламизда Конте сўзи бу қадар кўп ишлатилмасди, менимча.
Рақиб вазиятлардан фойдалана олмагани бу «Челси»нинг айби эмас. Контенинг ютуғи ҳам шунда эдики, жамоа мана шундай ҳолатга тушиб қолганида (плюс ҳисобда ортда қола туриб) ҳам ўзига келишни уддалади. Керакли натижани қўлга кирита олди.
Ўйин чизмаси
Энди бевосита ўйин ичига киришга ҳаракат қиламиз. Конте кутилганидек ўзига 7 учрашувдан буён ғалаба келтираётган ўйин услубида учрашувни бошлади. Биргина «сюрприз» майдонга туша олмаслиги маълум бўлган Матич ўрнида Фабрегас пайдо бўлди. Хосеп Гвардиоланинг асосий ўйин ғояларида 4-3-3 чизмасидан фойдаланишига қарамай, бу сафар жамоа рақибдан келиб чиқиб унга контртактика режаси бўйича 3-4-3 схемасидан фойдаланди. Бу Гвардиоланинг АПЛда бор-йўғи иккинчи марта қўллаётган услуби бўлса ҳам, муҳим ўйинда Пеп таваккалга боришдан чўчимади. Ҳозирча бутун жамоада иккитагина ҳақиқий марказий ҳимоячига эга бўлган Гвардиола учинчи марказий ҳимоячи ролига мавсум бошидан буён кўп фойдаланаётгани Александр Коларовдан фойдаланди.




















