Келаси йилнинг баҳоридан бошлаб, Ўзбекистондаги жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари чекиш ва спиртли ичимликларни ичиш тақиқланганидан огоҳлантирувчи белгилар пайдо бўлади. Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ёки хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ҳужжат 2017 йил март ойидан бошлаб кучга киради. Низомнинг тўлиқ матни www.Lex.uz сайтида жойлаштирилган

Унга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва (ёки) хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш корхона, муассаса, ташкилот раҳбари, иш берувчи ёки бино ёхуд объектлардан фойдаланаётган юридик ёки жисмоний шахслар томонидан мазкур Низомга мувофиқ ташкил этилади.

Спиртли ичимлик истеъмол қилиш тақиқланганидан огоҳлантирувчи белги иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида ва бошқа жамоат жойларида, шунингдек, алкоголь маҳсулотини қуйиб сотишга рухсат этилмаган савдо ва умумий овқатланиш объектларида (тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек, алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари бундан мустасно) барча учун кўринадиган жойларда жойлаштирилиши лозим. 

Унда алоҳида қайд этилишича, бу белгилар ҳаво кемаларидан бошқа барча жамоат транспортларида ўрнатилади. 

Тамаки маҳсулоти истеъмол қилиш мумкин эмаслигидан огоҳлантирувчи белги иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида (тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно) барча учун кўринадиган этиб жойлаштирилиши лозим. 

Бу белги маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида (тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш белгиланмаган жойларда), шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонларида (шу жумладан тамбурларида), шаҳар ичида, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатнайдиган автобусларда, шунингдек, йўналишли ва йўналишсиз таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида барча учун кўринадиган жойларда жойлаштирилади.