Тошкентда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида Ёшлар ҳафталиги бошланди
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари, санъат ва маданият намояндалари, таниқли илм-фан арбоблари, хорижий экспертлар иштирок этмоқда.
“Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги анъанавий Ёшлар ҳафталиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга кўмаклашиш, энг иқтидорли йигит-қизларни саралаш, уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Шерматов, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори Ф.Жўраев, "Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори О.Мусаев, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Ф.Тошмуҳамедов ва бошқалар мазкур ҳафталик ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва рағбатлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ёшлар фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга кўтармоқда.
Ҳафталик доирасида Талабалар театр студиялари фестивали ўтказилади. Унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Тошкент ахборот-технологиялари университетининг Нукус филиали, Навоий давлат кончилик институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаларининг театр жамоалари миллий ва жаҳон адабиёти асарлари асосида саҳналаштирилган спектаклларни намойиш этади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ташкил этиладиган спектакллар намойишига ёш томошабинлар баҳо беради. Фестивалнинг энг сара асари Ўзбек Миллий академик драма театрида намойиш этилади.
Ёшлар ҳафталиги доирасида мамлакатимиздаги бешта олий таълим муассасасининг иқтидорли талабалари ўртасида “Тафаккур синовлари” танловининг якуний босқичи бўлиб ўтади.












