Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин, икки олам сарвари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловоту саломлар бўлсин! Аллоҳ таоло инсонни Ўзи халқ қилган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азиз қилиб яратди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг «Исро» сураси, 70-оятида шундай марҳамат қилади:

Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъматларини ёд этиш билан бирга, инсоннинг нақадар улуғ бир мавжудод эканлигига гувоҳлик беради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:

«Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир» – деган эканлар. Мана бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейиладики, яъни «Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса, нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади. Аммо, борди-ю нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.

Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло «Инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратдик» – деди. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:

  1. Жисмоний неъматлар. Булар сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.
  2. Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол қилиб, имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ каби ижобий сифатларни келтириш мумкин. Бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.