Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида олдинда турган вазифалар ҳақида гапирди.

Азиз дўстлар! 

Маълумки, Конституциямизнинг 98-моддасига мувофиқ, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини муваффақиятли ҳал этиш учун жавобгарлик Вазирлар Маҳкамаси, ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари зиммасига юклатилган. 

Бу, биринчи навбатда, Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан юксак даражадаги шахсий масъулиятни, шунингдек, уларнинг зиммасига юкланган вазифаларни самарали ва тўлиқ бажаришни талаб этади. 

Шу муносабат билан бир таклиф киритмоқчиман. Яъни, Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январдаги ва жорий йилнинг 8 сентябрдаги қўшма мажлисларида таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракат дастурини янада аниқлаштириб, ҳозирги талаблардан келиб чиққан ҳолда, унга қўшимчалар киритиш лозим. Бу – кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. 

Умид қиламанки, бугунги мажлисимизнинг иккинчи қисмида Бош вазир лавозимига кўрсатиладиган янги номзод ушбу дастурнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган асосий йўналишлари ва устувор вазифалари тўғрисида ахборот беради. 

Бу борада асосий диққат-эътиборни қуйидаги стратегик йўналишларга қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. 

Биринчидан, иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, макроиқтисодий барқарорлик ва миллий валютамизни янада мустаҳкамлашни таъминлаш. 

Иккинчидан, мамлакатимиз ҳудудларини, яъни шаҳар, туман ва маҳаллаларни, айниқса иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда нисбатан орқада қолаётган туман ва шаҳарларни комплекс ва жадал ривожлантириш. 

Учинчидан, аҳолининг реал даромадларини, турмуш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш. 

Ҳукумат ва шахсан унинг янги раҳбарияти фаолияти самарасини биз айнан шу мезонлар асосида баҳолашимиз зарур. 

Шу мақсадда яқин кунларда Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Бундай ўзгартиришлардан асосий мақсад – тўпланган тажриба асосида ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олдимизда турган кенг кўламли янги вазифаларга мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг оптимал ва самарали тизимини ишлаб чиқишдан иборат. 

Ана шу тизим марказида нафақат иқтисодиётнинг таянч тармоқларини, балки, энг аввало, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва мамлакатимиз барча фуқароларининг ҳаётий манфаатларини таъминлашга ва уларнинг даромадларини кўпайтиришга доир истиқболдаги муҳим вазифалар туриши керак.