Фан-техника | 08:17 / 15.12.2016
3569
2 дақиқада ўқилади

Panasonic’да электрон сотувчи ихтиро қилинди

Amazon ўзининг сотувчилар ва ходимлар бўлмайдиган дўконини синовдан ўтказаётган бир вақтда, баъзи йирик компаниялар бироз бошқа йўналишда иш олиб боришмоқда. Мисол учун, Япониянинг Panasonic компанияси харид қилинган маҳсулотларни сканерлаб, уларга тўланадиган ҳақни ҳисоб-китоб қилиб, барча харидни пакетларга жойлаб, банк картасидан керакли пулни ечиб оладиган электрон сотувчини яратишга қарор қилди. Бу ҳақда Wall Street journal нашри хабар бермоқда. 

Бу сотувчи маҳсулотлар учун оддий саватчага ўхшайди ва бир қарашда унинг робот эканлигини ҳам сезиш мушкул. Янги тизим Lawson супермаркетлари тармоғида синовдан ўтказилмоқда. Бироқ ҳозирча "ақлли" саватчага тўлиқ қувватда ишлашга рухсат берилмаяпти, шунинг учун харидорлар маҳсулотларни ўзлари сканердан ўтказмоқдалар. Бироқ дўконлар тармоғи кейинги йилдан бу ишни роботнинг ўзи бажара бошлашини айтмоқда.

Харидни амалга ошириш учун маҳсулотлар саватчаси кассага қўйилади, шундан кейин очилган дарча орқали маҳсулотлар махсус бўлимга тушади ва у ерда сараланиб, упаковка қилинади.

Дўконлардаги кассачилар ва упаковкачилар бу янги "ходим"дан ташвишга тушиб қолдилар, бироқ тармоқ раҳбарияти бу лавозимларда ишловчи барча ходимларини ҳам бўшатмасликка қарор қилди. Ахир харидор бу замонавий тизимлардан фойдаланишни билмаса, унга бунда ёрдам берадиган, йўл-йўриқ қўрсатадиган ходим керак бўлади-ку. 

 

Мавзуга оид