Спорт | 09:21 / 16.12.2016
7425
2 дақиқада ўқилади

Парижда Эдерни Евро-2016 финалида урган голи учун ёмон кутиб олишди

Португалиялик футболчининг Франциядаги ҳаёти осон кечмаяпти.

Пайшанба куни «ПСЖ» ва «Лилль» ўртасида Франция Лигаси Кубогининг 1/8 финали доирасидаги учрашув ўтказилди ва унда мезбонлар ғалаба қозонди – 3:1.

Парижлик мухлислар трибунада туриб меҳмонларнинг португалиялик ҳужумчиси Эдерга қарши обструкция (рақибни издан чиқариш учун ҳуштакбозлик) уюштиришди. Тўп унга келиши биланоқ шовқин-сурон қилинди ва Эдер 80-дақиқада захирага олинди. Португалиялик футболчини Евро-2016 финалида Францияга гол уриб, мезбонларни чемпионликдан маҳрум этгани учун кечиришмаяпти.

«Мен мухлисларнинг бундай хатти-ҳаракатларига изоҳ топа олмаяпман. Эдер Францияни мағлуб қилган эмас, у Португалияга ғалаба олиб келган. У ўз ватанига чемпионлик келтирган ва бу фақат ҳурматга лойиқ», – дея «Лилль» бош мураббийи Патрик Кольонинг ўйиндан кейинги сўзларини келтирган maisfutebol.iol.pt.

Эдер Европа чемпионати финалида қўшимча бўлимлар вақтида гол уриб, финал тақдирини ҳал қилганди. У Франция чемпионатининг жорий мавсумида «Лилль» сафида 17 бор майдонга тушиб, 3та гол урди.

Мавзуга оид