Жамият | 14:16 / 20.12.2016
6095
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркка ташриф буюрувчи сайёҳлар сони рекорд даражага етди

Фото: © AP

АҚШнинг энг катта шаҳри бўлган Нью-Йоркка жорий йилнинг 11 ойида 60 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Мегаполис ҳукуматининг хабар беришича, йил ҳали тугалланмаганига қарамай, шу кўрсаткичнинг ўзиёқ рекорд натижа ҳисобланади. Ўтган йили Гудзонга 59 миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. ТАСС агентлиги шу ҳақида маълум қилди. 

Нью-Йорк маъмуриятида таъкидланишича, дунёдаги энг машҳур мегаполислардан бирига ташриф буюрувчи меҳмонлар сони етти йилдан бери кетма-кет камида миллион нафарга кўпаймоқда. 

Мегаполис рекламаси билан шуғулланувчи NYC & Company ташкилоти раҳбари Фред Диксоннинг сўзларига кўра, бу йил шаҳар меҳмонларини асосан Озодлик ҳайкали, "Эмпайр-стейт билдинг" осмонўпар биноси, Марказий парк, 2001 йил 11 сентябрь терактлари қурбонлари хотирасига барпо этилган мемориал ва Бродвей театр шоулари қизиқтириб келмоқда. 

Сайёҳлар нафақат Манхэттен, балки шаҳарнинг бошқа жойлари - Бруклин, Бронкс, Куинс ва Стейтен-Айлендни ҳам зиёрат қилишмоқда. 

Нью-Йорк ҳукумати тақдим этган статистикага кўра, жорий йилда шаҳарга ташриф буюрган сайёҳларнинг 80 фоизи мамлакатнинг бошқа штатларидан ташриф буюрган америкаликлардир. Хорижий сайёҳларнинг умумий сони эса сўнгги 11 ойда 12 миллион кишидан ошди - бу ҳам рекорд натижа сифатида қайд этилди. 

Манбага кўра, ташриф буюрганлар орасида британияликлар кўпчиликни ташкил қилган, иккинчи ўринда Хитой фуқаролари жойлашган, улардан кейинги ўринларда эса - канадаликлар ва бразилияликлар.

 

Мавзуга оид