Ростгўйлик ва омонатдорлик - бу ризққа барака киришининг, турмуш обод ва фаровон бўлишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар: «Олди-берди қилувчи икки киши (яъни сотувчи ва харидор) то бир-бирларидан ажралмагунларича (молни олиш ёки сотиш борасида) ихтиёрга эгадирлар. Агар улар рост сўзлаб, (молнинг ҳолатини чиройли) баён қилсалар, савдоларига барака берилади. Бордию, бир-бирларини алдаб, (молнинг айбини) беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади» (Саҳиҳайн).
Демак, тадбиркор, савдогар киши ростгўйликни ўзининг шиорига айлантириб олиши керак экан. Ана шунда унинг ризқи ва касб қилиб топган нарсаларига барака ато қилинади. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади:
التاجر الصدوق الأمين مع النبيين والصديقين والشهداء
«Ростгўй, омонатдор тижоратчи (жаннатда) пайғамбарлар, сиддиқлар ва шуҳадолар билан бирга бўлади» (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадиснинг маъноси барча олди-сотди билан шуғулланувчилар, тадбиркорлар, касб-ҳунар эгаларини қамраб олади. Дарҳақиқат, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва тижорат аҳли кишилар билан энг кўп муомалада бўладиган тоифа ҳисобланадилар. Улар ўз муомалаларида ёлғон сўзлаш, нотўғри гувоҳлик беришдан ўзларини сақлашлари керак. Зеро, ёлғон гапириш айни гуноҳи кабирадир.
Сотувчи молини мақтаганида, харидорнинг эса уни ёмонлаши, сўнг сотувчи молини мақтаб, қасам ичиши макруҳ саналади. Агар унинг қасами рост бўлмаса, бу иш ҳаромга айланади. Тожир гарчи сўзи рост бўлса ҳам, қасам ичишдан тийилиши афзал. Негаки, қасам ичишга одатланиб қолиш аста-секин ёлғондан қасам ичишга ҳам олиб боради. Боз устига, Аллоҳ таолонинг муқаддас номини молни ўтказиш учун бозор-ўчарларда қасамларга нишон қилишдан юқори тутишимиз керак. Баъзилар ўз молларини ҳаддан ташқари мақтаб, қасамхўрлик қилишга ўтадилар, молларини тезроқ сотиш учун ҳатто ёлғондан қасам ҳам ичадилар. Бу ишлар эҳтимол зоҳирдан ўша молнинг бозорини чаққон қилаётгандек кўринса ҳам, аммо баракаси кўтарилишига олиб келади. Устига устак, киши гуноҳ ҳам орттириб олади. Ҳадиси шарифда:
الحلف منفقة للسلعة ممحقة للبركة
«Қасам молнинг бозорини чаққон қилади, аммо баракасини кеткизади», дейилган (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривоятлари).
Тожир савдода фирибгарликнинг, алдовнинг ҳар қандай кўринишидан узоқ бўлиши зарур. Бировга нарса сотаётганида алдам-қалдам аралаштирмасдан, инсоф ва ростгўйлик билан савдо қилиши лозим. Зеро, фирибгарлик, қаллоблик одамлар ўртасига низо соладиган, соғлом жамият илдизига болта урадиган балодир. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай иллатдан қайтариб:

















