Оламларга раҳмат қилиб юборилган, анбиёю мурсалинлар хотами, башариятнинг энг улуғ вакили саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни яхши кўриш ва у зотнинг муҳаббатини бошқа барча инсонлар муҳаббатидан устун қўйиш динимиз талабидир. Анас (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам) шундай марҳамат қилганлар: «Бирортангиз, токи Мен унга отаси, боласи ва жамики инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўлолмайди» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Абдуллоҳ ибн Ҳишом (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) билан бирга эдик, У зот Умар (разияллоҳу анҳу)нинг қўлидан тутиб турардилар. Умар (разияллоҳу анҳу): «Ё Расулаллоҳ, Сиз менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбуброқсиз», деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, ундай бўлмайди (эй Умар!), токи, Мен сенга ўзингдан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар (разияллоҳу анҳу): «Аллоҳга қасамки, мана энди шундай бўлди. Энди Сиз менга ўз нафсимдан ҳам суюклироқ бўлдингиз», деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Ана энди (билдинг ва тўғри айтдинг) эй Умар», дедилар» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни яхши кўриш ва севиш вожиб эканлигига далиллар жуда ҳам кўп. Улардан бири қуйидаги ҳадисдир. Анас (разияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг шундай деганларини ривоят қилади: «Уч хил хислат борки, улар кимда (мужассам) бўлса, у киши иймон лаззатини топади: «Аллоҳ ва Унинг Расули унга улардан бошқа барча нарсалардан севимлироқ бўлса», «Ва бирор кишини яхши кўрадиган бўлса, фақат Аллоҳ учун яхши кўрса» ҳамда «Куфрга қайтишни оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса» (Имом Бухорий ривоятлари). 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)ни яхши кўриш У зот билан жаннатларда бирга бўлишга сабаб бўлади. Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)дан қиёмат ҳақида сўраб: «Қиёмат соати қачон?», деди. Набий алайҳиссалом унга: «Қиёмат учун нима тайёрлагансан ўзи?» дедилар. У «Ҳеч нарса!», - деди – «Лекин, мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман». Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!», дедилар. Анас (разияллоҳу анҳу) айтадилар: «Биз ҳеч нарсадан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг мазкур «Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан!», деган сўзларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз». (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари)
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган сабоқлардан бири шуки, инсон солиҳ зотларни ихлос билан яхши кўрадиган бўлса, гарчи улар каби амал қилолмаган бўлса ҳам қиёматда улар билан бирга бўлади. Зеро агар улардек амалда пешқадам бўлганда уларнинг бири бўлиб қолар ва муҳаббатнинг унга фойдаси тегмасди.