Жамият | 11:53 / 31.12.2016
50121
5 дақиқада ўқилади

“Ҳозирги одамлар бузилиб кетган”

Фото: Emaze.com

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар бир киши: “Одамлар ҳалок бўлди”, деса, унинг ўзи энг биринчи ҳалок бўлибди!” (Муслим, Бухорий, Абу Довуд, Молик, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).  Бу ҳадисда одамларга қандай хитоб қилиш, уларни динга қай тарзда чақириш ҳақида жуда зарур йўл-йўриқ кўрсатилмоқда.

Баъзи кишилар омма-мусулмонларнинг ҳолати хусусида гап кетганда, “Замон ўзгариб кетди”, “Ҳозирги одамлар бузилиб кетган”, “Яхши одамнинг ўзи қолмаган”, деб нолийдилар. Бу гапнинг кимга қанчалик фойдаси бор? Бу гапни гапираётган одам нима демоқчи ўзи? Бундай кимсанинг гапидан шундай маъно чиқади: ҳамма мусулмонлар бузилиб кетган-у, фақат унинг ўзи яхшилигича қолган. Ундан ўзгалар ёмон одам-у, фақат у солиҳ банда.

“Одамлар фалон бўлиб кетди”, “Энди умид йўқ”, “Насиҳатнинг нафи йўқ” каби гаплар мутлақо нотўғри. Бу Исломга зид гап. Бундай сўз такаббур, бурни осмонда, оёғи ердан узилган, ўзини ўйловчи худбин кишилардан чиқади. Бу қабилдаги сўзларни яхшиликдан умиди йўқ, шайтонга ҳамроҳ бўлган кимсалар айтади.

Аслида мусулмон банда барчага бирдек мулойимлик билан муомала қилади. Аллоҳга имон келтирган банда бағрикенг, оқкўнгил ва самоҳатли бўлади. Шундагина у одамларнинг кўнглига йўл топа олади ва улардаги камчиликларни тузатишга ҳаракат қилади. Аллоҳ ва Расули одамларни чиройли йўллар билан Исломга чақиришни, бунинг учун рухсат этилган ҳар хил усул ва воситаларни ишга солиб, бу йўлда сабрли бўлишни, айни пайтда ўзини камтар тутишни амр қилган.

Минбарда маъруза қилаётган воиз тилидан чиқадиган “Одамлар бузилиб кетди” деган гап, одамлар энди ўнгланмайди, уларни тўғри йўлга солиш мумкин эмас, уларга ҳақиқатни тушунтириб бўлмайди, дейиш билан баробар. Ўзини ақлли деб билган, аслида бундай сифатлардан анча узоқ бўлган калтабин кимсаларгина айтади бундай гапларни. Шуни унутмайлик, одамларни тушкунликка туширишга, уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Имом Нававий айтади: “Уламолар бу ҳадис одамларни камситиш, ерга уриш, ўзини улардан устун қўйиш мақсадида гапирган киши хусусида айтилганига иттифоқ қилишган. Аммо ўзида ҳам, одамларда ҳам мавжуд нуқсон ва камчиликларни кўриб, жони ачиганидан куйиниб гапирса, зарари йўқ”.

Ҳақиқатан, атрофдагиларнинг Исломга бепарволигидан, айрим мусулмонларнинг ўзаро муносабатлари яхши эмаслигидан куюниб гапирадиган инсонларни ҳадисда айтилган кишилар қаторига қўшиш тўғри эмас. Лекин шунда ҳам киши ўзига эҳтиёт бўлиши, одамларни айблаб, ўзини фариштадек оппоқ санамаслиги, тилидан чиқаётган ҳар бир сўзга эътиборли бўлиши лозим.

Расулуллоҳ алайҳиссалом қавм ичида бирон ёмон иш ёки камчиликни кўрсалар, буни даб-дурустдан ўша одамнинг юзига солмасдан умумий тарзда, фалончига нима бўлди, эмас, балки одамларга нима бўлдики, шундай-шундай ишларни қилмоқдалар, деб ҳаммага тааллуқли қилиб гапирардилар.

Хаттобий айтади: “Бир инсон одамларни доим айблаб, уларнинг ёмонликларини гапираверадиган бўлса, “Одамлар бузилиб кетди”, “Ҳалок бўлди”, қабиладаги гапларни ҳадеб такрорлайверса, унинг ўзи одамларнинг энг биринчи ҳалок бўлганидир. Бундай кимса одамларнинг энг ёмонидир. Сабаби у одамларни ғийбат қилиб, уларнинг шаънини булғагани учун ўзига гуноҳ орттирди. Эҳтимол, бу гаплари билан у ўзига бино қўйиб, ўзини бошқалардан яхши, деб ҳисоблаётган бўлиши мумкин”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоиз, Динга даъват қилаётганда ёки бирон нотўғри ишни кўрганда, одамларни жеркиш, силталаш ва қўпол муомалада бўлиш, уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилиш шариат кўрсатмаларига зиддир.

Одамларни ҳикматли йўллар билан Исломга чақириш ва ёмонликлардан қайтариш Динимиз талабидир.

Одилхон қори Юнусхон ўғли 
“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом - хатиби

Мавзуга оид