Иқтисодиёт | 18:19 / 03.01.2017
58944
3 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари миллий валюталари қиймати 2016 йилда қандай ўзгарди?

Ўтган йил давомида ўзбек сўми ва тожик сомонийсининг АҚШ долларига нисбатан курси пасайиб борди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия миллий валюталари эса долларга нисбатан позициясини мустаҳкамлашган.

Ўзбекистон

Ўзбекистон валютасининг долларга нисбатан расмий курси 2016 йилда 15 фоизга пасайди – ўтган йил бошидаги бир доллар учун 2809 сўмдан жорий йил аввалидаги 3239 сўмга. Америка валютасига нисбатан курс йилнинг сўнгги уч ойида сезиларли пасайди.

Тожикистон

Тожикистон сомонийсининг долларга нисбатан расмий курси 2016 йилда 10,7 фоизга тушиб кетди. Тожикистон валютаси йилнинг биринчи икки ойи давомида пасайган: январда сомоний долларга нисбатан 10,4 фоизга қадрсизланган бўлса, февралда – 0,3 фоиз. Мамлакат миллий банкида йилнинг биринчи икки ойи давомидаги бундай ҳолат Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси қийматининг кескин ўзгариши туфайли юз берганини айтиб ўтишган. Сўнгги 10 ойда эса сомонийнинг долларга нисбатан курси ўзгармади.

Қирғизистон

Қирғиз сомининг долларга нисбатан расмий курси 2016 йилда 8,7 фоизга ошди. Ўтган йил бошида бир доллар 75,8969 сомга алиштирилган бўлса, жорий йил аввалида бу кўрсаткич – 69,2301 ни ташкил қилди. Сом долларга нисбатан асосан февраль, март ва апрель ойларида мустаҳкамланган.

Туркманистон

Туркманистон манатининг долларга нисбатан расмий курси 2016 йил давомида ўзгаришсиз қолган: бир доллар учун 3,5 манат. Бу ҳақда Туркманистон марказий банки маълумотида хабар қилинган.

Қозоғистон

Қозоғистон тенгесининг долларга нисбатан расмий курси 2016 йилда 1,9 фоизга ўсди – ўтган йилнинг 1 январида 1 доллар учун 340,01 тенге берилган бўлса, жорий йил бошида бу кўрсаткич 333,29 тенгени ташкил қилди. Қозоқ валютасининг долларга нисбатан қиймати январда кескин қадрсизланди. Кейинги уч ой давомида эса у аста-секин мустаҳкамланиб борди. Май-август ойларида эса тескари ҳолат кузатилди. Йил охиригача тенгенинг долларга нисбатан қиймати секин-аста кўтарилиб борди.

Россия

Россия рублининг долларга нисбатан расмий курси 2016 йилда 16,8 фоизга ўсди. Ўтган йилнинг бошида бир долларга 72,9299 рубль берилган бўлса, жорий йил бошида бу кўрсаткич – 60,6569 рублни ташкил этди. Долларнинг рублга нисбатан қиймати биринчи уч ойда аста-секинлик билан ошиб борди. Апрель ва май ойларида рублнинг жиддий мустаҳкамланиши кузатилди. Шундан сўнг Россия валютасининг долларга нисбатан курси йил охирига қадар ошиб борди.

Мавзуга оид