Ўзбекистон | 14:55 / 10.01.2017
12325
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг 13,6 фоизи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ишини қониқарсиз деб топди

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри - 2016” сўровномасини ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Сўровнома Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўтказилиб, унда барча ижтимоий гуруҳлар, турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари иштирок этди.

Унинг асосий мақсади – аҳоли томонидан мамлакатнинг 2016 йилдаги иқтисодий ва сиёсий ривожланишига берилган баҳони аниқлашдан иборат.

Сўровнома натижаларига кўра, аҳолининг кўпчилик қисми (97,5 фоизи) мамлакатдаги замонавий ижтимоий-иқтисодий вазиятни ижобий баҳолади. 

Сўров давомида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича иши бир қадар самарасиз экани аниқланди. Хусусан, иштирокчиларнинг 38,7 фоизи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ишидан қониққан бўлса, 42,8 фоиз киши қисман қониққан, 13,6 фоиз иштирокчилар эса қониқмаган.

Бу билан бир қаторда, сўровномада мамлакатда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳам аниқланди. Сўровда иштирок этганларнинг учдан икки қисми 2016 йилда ижтимоий ҳолатлари яхшиланганини айтишган.

Сўров унда иштирок этган инсоннинг таълим даражаси ва моддий мақоми қанчалик юқори бўлса, улар ўз ҳаётидан норозиликка моддий муаммолар сабаб бўлганини шунчалик кам айтишганини кўрсатди.

Сўровда иштирок этган респондентларнинг 93,8 фоизи ўз ҳуқуқлари ва эркинларини бузилишдан ҳуқуқий ҳимояга эга эканини айтган. Фуқароларнинг 71,8 фоизи эса ҳуқуқларни бузилса, уларни тиклашга ишонишларини маълум қилди.

Сўровнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиш ҳақидаги ташаббуси аҳоли томонидан ушбу йил мамлакатимиз томонидан ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланишда, илм-фан ва таълим ривожида юқори кўрсаткичларни қўлга киритиш йили бўлиши борасида кафолат деб қабул қилинганини кўрсатди.

Мавзуга оид