Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида мамлакатдаги тадбиркорлик муҳитини яхшилаш юзасидан навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва ССП раиси Алишер Шайхов иштирок этган. Бу ҳақда Газета.уз сайти ёзмоқда.

2017 йил 6 январда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда рақобат-бардошлигини ошириш, тадбиркорларнинг қонунларни ишлаб чиқишдаги иштирокини яхшилаш, тўқимачилик соҳасидаги муаммолар, қишлоқ хўжалиги соҳаси, солиқ ва банк тизими, касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлиги ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда, ўзбек-хитой савдо уйи (ЎХСУ) раҳбари, Халқаро бизнес ва технологиялар Ассоциацияси раиси (AMBiT - ХБiTА) Ҳикмат Абдураҳмонов Ўзбекистондаги профессионал уюшмалар тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда нима учун ёрдам бермаётганига оид фикрлари билан ўртоқлашган.

«Фикримча, касаба уюшмалари билан боғлиқ муаммо уларнинг сонида эмас, балки уларни жиддий қабул қилмасликдадир. Ассоциацияларнинг бош мақсади — соҳа вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Афсуски, мамлакатимизда, ушбу ташкилотлар ва давлат ўртасида мулоқот ўтказилмади. Шу боисдан, тадбиркорлар уюшмаларнинг у ёки бу муаммони ҳукуматга етказа олишига ишонишмайди. Қўшни мамлакатларда касаба бирлашмалари кучга тўлмоқда, ҳукумат вакиллари эса, улар билан муаммоларни ҳал этиш мақсадида доимий равишда мулоқот ўтказади», - деган Абдураҳмонов.

Унинг айтишича, тадбиркорлар ўз муаммоларини маълум қилиш ва давлат органлари томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилаётганини айтишдан қўрқишмайди. Бироқ, «тизимдаги лоқайдлик тадбиркорларнинг тилини калта қилмоқда».

Бундан ташқари, Абдураҳмоновнинг фикрича, солиқ тизими ва божхона сиёсати компанияларнинг ошкора фаолият юритишига туртки бермайди. Чунки, улар назорат қилувчи органларнинг диққатини тортмасликни маъқул кўришади.

«Тадбиркорларда шундай мантиқ шаклланиб қолганки, гўёки, улар солиқларни четлаб ўтса, рақобатбардошлигини сақлаб қолишади. Бу мантиқни солиқ тизими билан бирга кескин ўзгартириш керак», — дея таклиф билдирган у.

Хўш, Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун нима қилиш керак?