Бугунги кунга келиб, муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсундириш воситалари тубдан ўзгариб кетди. Илгари бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳа, қиммматбаҳо техника, минглаб аскарлар ва анча-мунча вақт ҳам керак бўлар эди.
Ҳозирда эса бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологияларига ўрин бўшатмоқда.
Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш воситасида харакат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин. Зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялари ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади, бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум бўлади, ҳатто аҳоли ўзини босиб олиш учун ким кураш олиб бораётганини англамайди ҳам.
Ҳозирда “глобаллашув” ва “оммавий маданият” ёхуд “оломонча маданият” деган ялтироқ ва жозибадор номлар билан кенг кўламда тарғиб этилаётган тушунчалар ҳам мустамлакачиликнинг янги кўринишида асосий восита бўлиб хизмат қилмоқда десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Хўш, оммавий маданият нима ўзи? “Оммавий маданият” ёки “оломонча маданият” дея таржима қилаётган тушунчамиз ғарбда «популяр» ёки «поп-культура» (инглизча “pop culture”) деб аталади. Бу ном дунёни бошқариш ва бутун дунё устидан ҳукмронликка эришишни мақсад қилган айрим ғарб давлатлари томонидан ўйлаб топилиб, муомалага киритилган, у “оммавий маданият” ёхуд “оломонча маданият” деган сўзлардан кўзланган асл мақсадни ниқоблаш учун ишлатилади.
Оломонча маданият халқларнинг неча минг йиллардан бери қалбида ардоқлаб келаётган қадриятларини, одоб-ахлоқ тамойилларини тагидан емиришга, одамларни онгу шууридан, ҳамиятидан, иймон-эътиқодидан айириб, маънавиятсиз, ахлоқий тубан манқуртга айлантиришга хизмат қилади.
Айрим мутахассислар (файласуф ва жамиятшунос олимлар)нинг фикрича, аслида мазкур оқимни “маданият” деб аташнинг ўзи нотўғри ҳисобланади. Бироқ ҳали илм-фанда «антикультура» «ғайримаданият» ёки “аксилмаданият” тушунчалари илмий шаклланмаганлиги учун «оломонча маданият» деган ном ночорликдан қўлланмоқда, чунки «оломонча маданият» аслида маданиятсизлик, маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир. Шу боис «оломонча маданият», энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.

















