Жамият | 00:36 / 19.01.2017
50741
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда ёш аёл ва унинг отасига муштумзўрлик қилган "Малибу" ҳайдовчиси жазосиз қолмоқда

"Новости Узбекистана" сайти таҳририятига Усмонова М. исмли аёлдан Тошкентнинг Учтепа туманида у билан юз берган куракда турмайдиган ҳодиса ҳақида хабар бериш илтимоси билдирилди.

10 январда аёл машина рулида бўлган отаси билан "Малибу" ҳайдовчиси ва ундаги йўловчи ҳақоратлари ва муштумзўрликлари жабрдийдалари бўлганлар. "Минг ўрик" ресторани олдида "Малибу"даги "шоввозлар газни босиб" Усмонова кетаётган автомобиль йўлини тўсганлар. Қизнинг отаси базўр тормозни босишга улгурган ва машина ойнасини тушириб, "Малибу" ҳайдовчисига "Тинчликми?" деб мурожаат қилган. 

Шундан кейин ақлбовар қилмас воқеалар юз бериб кетган. Қоидабузар ҳайдовчи машинадан сапчиб тушиб, кекса эркакни ёқасидан олган ва унга сўкина кетган. Қиз отасининг ёнини ола бошлаганда, "Малибу"даги иккинчи йўловчи унинг бошига ура кетган ва сўкинган. Қиз безори қўлидан базўр чиқиб кетиб, машинага қайтиб, содир бўлаётган безориликни телефонга олмоқчи бўлган. Бироқ уни урган йигит унинг қўлига мушт тушириб, унга бақира бошлаган. Унга шериги ҳам қўшилиб, қизнинг қўлидан телефонни тортиб олиб, уни оёғи билан янчиб ташламоқчи бўлган. Ота безорилар қўлидан телефонни юлиб олиб, қизини машинага ўтказиб, воқеа жойидан кетган.

Қизнинг телефони бешикаст қолган ва ёзиб олинган видео сақланиб қолган.

Қиз дарҳол милицияга мурожаат қилган. Унга нозир телефон қилиб, идорага келиб ариза ёзишни сўраган. Милиция бўлимига безори йигитлар ҳам келиб, "Малибу" ҳайдовчиси ўз ҳаракатларини инкор қила бошлаган ва аксинча, ДАНга телефон қилиб, қизнинг отаси уни уриб, воқеа жойидан қочиб кетганини дейишини айтган.

Шу куни кечга яқин аёлга ўзини милиция нозири Эшбаков Ш. нинг шериги деб таништирган Бехзод исмли кимса қўнғироқ қилган ва "ишни қандай босди-босди қилиш" мумкинлигини сўраган. У ўз ҳаракатларини "Йигитлар яхши, рост айтмоқдаман, агар ёмон бўлганларида ёнларини олмасдим. Бизларда ишлайдилар. Ўқишни тугатганлар", деб тушунтирган.

Бироқ аёл ишни "босди-босди қилишдан" бош тортган.

"Мен ИИВ ишонч телефонига мурожаат қилдим. Гўшакни олган одам ўзини Мирзиёд исмли майор деб таништирган. У аризамни қабул қилган, сўнгра қайтиб қўнғироқ қилиб, ҳаммаси қонун бўйича бўлишини ва у ишни шахсий назоратига олишини айтган. Бехзод ким деган саволимга Учтепа тумани ИИВ бошлиғи менга кимлигини тушунтиришини айтган. Милиция нозири Эшбаков очилган иш рақамини ва безориларнинг фамилиясини менга айтмаган", деб воқеани сўзлаб бермоқда Усмонова.

Бош прокуратурага мурожаатлар ҳам ҳеч  қандай натижа бермаган.

Бироқ аёл ўзиникида қатъий туриб олган. Қиз ўзини қурбон деб ҳисобламаса-да, бироқ низо оқибатида бошидан лат еган. Қизнинг мақсади сурбетлик ва жазоланмасликни тўхтатиш ва бундай одамларга шунга ўхшаш ёвуз ҳаракатларни бошқа одамларга нисбатан амалга оширишга йўл қўймаслик. 

"Бугун улар кексалар ва аёлларни урадилар. Бунақада эртага кўчаларимизга ёвуз 90-йиллар қайтиб келади. Бундайлар улардан кўрқмасликларини билиши учун ҳам қаршилик кўрсатиш керак", деб ўз сўзларини интиҳолади аёл.

Ўз номимиздан шуни айтишимиз мумкинки, қонунбузарлар кимлигидан қатъий назар ўз жазоларини оладилар, деб умид қиламиз, зероки қонун олдида ҳамма тенгдир.

Мавзуга оид