Vc.ru Fast Retailing тарихини ўрганиб чиқди. У Uniqlo кийим-кечак дўконлари тармоғига эгалик қилади. Компанияга Япониянинг энг бадавлати кишиси Тадаси Янаи раҳбарлик қилади.
Fast Retailing компанияси яратувчиси ўтган ҳафта акциялар курсининг пасайиши туфайли 1,4 миллиард АҚШ долларини йўқотди. Uniqlo бутун дунё бўйлаб 1600 дўконга эгалик қилади ва Янаи бундай зарардан хавотирга тушмади. Сабаби у Uniqlo’ни яратиш жараёнида бир неча бор турли муаммоларга дуч келган ҳамда уларни бартараф этиш имконини топган.
Тадаси Янаи Япониянинг Убэ шаҳрида 1949 йилда туғилган. Унинг отаси ўша йили Ogori Shoji эркаклар кийим-кечаги дўконини очган. Фирма кейинчалик йирик тармоққа айланмаган бўлса ҳам, бўлажак миллиардер учун бизнес асосини тақдим этган.
Тадаси 1960 йилда илк бора АҚШга борди. Келажакда у ушбу давлатга бир неча қайтади ва бу ер ҳақида кўплаб ижобий фикрларни билдиради.
Тадаси она шаҳрида мактабни тамомлаган бўлиб, кейинчалик Япониядаги энг нуфузли Васэда университетига ўқишга кирган. Бўлажак ишбилармон иқтисодиёт ва сиёсатшуносликни ўрганди. Тадаси талабалик йилларида Вьетнам урушига қарши чиқиб, хиппи ҳаракатига ҳам қўшилди.
У 1971 йилда университетни тамомлаб, JUSCO супермаркетлар тармоғига ишга жойлашади. Шу билан бир қаторда, Тадасининг отаси уни оилавий ишга жалб этишга ҳаракат қила бошлайди. Янаи Ogori Shoji’га ишга қайтди ва эркаклар кийим-кечаги билан савдо қилишни бошлади.
Тадаси Хиросима шаҳрида 1984 йилда Unique Clothing Warehouse дўконини очишга қарор қилади. Бу узун сўзларнинг қисқартмасидан Uniqlo сўзи келиб чиқди. Бундан аввал у Европа ва АҚШга сафар қилиб, йирик тармоқлар, масалан – GAP иш моделини ўрганди.
Тадаси бизнесининг реал ўсиши 90-йилларда бошланди. Кўплаб юқори технологияли компанияларга муаммолар келтирган иқтисодий инқироз Тадаси учун жуда ҳам қулай имконият яратди. Япония аҳолиси иқтисод қила бошлаб, қиммат кийим-кечакдан оддий ва арзонроғига ўта бошлади.
1994 йилда Uniqlo тармоғи Япониянинг турли қисмларида жойлашган 100та дўконни ташкил этди. Улар асосан кичик шаҳарларда очилган.
Uniqlo’нинг ўз кийим-кечак моделлари биринчи марта 1995 йилда чиқарилди. Биринчи учта модель молиявий жиҳатдан ўзини оқламади ва сотувдан олинди. Янаи ўз компанияси ривожи йўналишини белгилай туриб, яна GAP’дан ўрнак олишга ҳаракат қилди. У компанияга янги стратегияни татбиқ этиш учун CIA/The Brand Architect Group’ни ёллади - Fast Retailing’га савдо жойини безаш, дўконлар дизайни ва бошқа кўплаб элементлар бўйича катта кўмак берилди.














